Тошкентда халқаро китоб фестивалининг тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон 24 Ноябрь 2015 1148

22 ноябрь куни Тошкентдаги ТЧК коворкинг марказида Буюк Британиянинг Hertfordshire Press матбаа уйи томонидан Open Eurasia and Central Asia book forum and literature festival номи остида ўтган китоб фестивалининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бир қанча китобсеварлар ҳамда ёш ижодкорлар тўпланиб, ўзаро фикр алмашиш ҳамда Hertfordshire Press фаолияти билан танишиб чиқиш имкониятига эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, матбаа уйи бир неча йилдан буён Марказий Осиё, шунингдек, қўшни минтақалар ижодкорлари ўртасида танлов ўтказиб келади. Танлов тўрт йўналишда ўтади – “Бадиий асар”, “Бадиий таржима”, “Расм” ва “Видеофильм”. Асарлар рус, инглиз, озарбайжон, қирғиз, ўзбек, қозоқ, тожик, туркман тилларида қабул қилинади.

Танловнинг ютуқ жамғармаси 31 минг долларни ташкил қилади. жумладан, “Бадиий асар” йўналиши ғолибига қарийб 20 минг доллар миқдоридаги грант тақдим этилиб, бу маблағ унинг китобини чоп этиш ва Буюк Британияда китоб тақдимотини ўтказишга сарфланади. Жорий йилда танловда 800дан ортиқ ижодкор иштирок этди.
Тошкентдаги учрашувга лойиҳа координатори Энн Лари ҳам ташриф буюрди.

Иштирокчиларга – танловнинг ўзбекистонлик қатнашчилари ҳамда қизиқувчиларга фестивал тафсилотлари акс этган қисқа видеофильм намойиш этилди. Сўнг сўзга чиққан Энн Лари барчага билдирилган қизиқиш учун миннатдорчилик билдириб, охирги йилларда Hertfordshire Press томонидан Ўрта Осиё тилларидан, шунингдек, русчадан инглиз тилига ўгирилиб, чоп этилган китоблар ҳақида ахборот берди.

Бундан ташқари, микрофон олдига бошқа ўзбекистонлик ижодкорлар чиқишди. Кечада рус, ўзбек ва инглиз тилида шеърлар янгради. Тадбирда сўз олган шоир ва таржимон Аъзам Обидов Уильям Шекспир сонетларининг ўзбекча таржималарини ўқиб берди.
Илиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашув якунида ташкилотчилар ўзбекистонлик адабиёт ошуфталарини ижодий ҳамкорликни давом эттиришга чақириб қолишди.

Кўпроқ янгиликлар