Британияда Елизавета II таваллудининг 90 йиллигига бағишланган маросим учун чиқарилган 25 минг дона чипта бир неча соатда сотилиб кетди, дея хабар берди Daily Express. Виндзор саройи ҳудудидаги Хоум-Паркда бўлиб ўтадиган маросим чипталарининг нархи 195 фунт стерлинггачани ташкил этди.

Бундан аввалроқ эса томошабинлар олдида мусиқачилар, раққослар, актёрлар ва бошқа санъаткорлар чиқиш қилиши ҳақида хабар берилган эди. Артистларнинг умумий сони 1,5 минг нафардан ортади. Британ қироллик оиласи аъзолари барча томошаларда иштирок этишади, қироличанинг ўзи эса ITV телеканали жонли тарзда эфирга узатиладиган байрамона шоунинг сўнгги қисмида иштирок этади.

Чипталар 24 ноябрь куни 9:00 да савдога чиқарилди. Қайд этилишича, 4 минг дона чипта дастлабки 30 дақиқада сотилган, қолганлари эса тушдан кейинги вақтларда тўлиқ харид қилинди.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, 5 мингта бепул чипта намойиш этилишидан аввалги махсус кеча учун тарқатилади.

Қиролича ўзининг 90 ёшини 2016 йилнинг 21 апрель куни нишонлайди.

Эслатиб ўтамиз, Британия қироличаси Елизавета Иккинчи 2015 йилнинг 9 сентябрь тунида мамлакат тарихида қиролликни энг кўп бошқарган етакчига айланган эди. У ҳукумат тепасида 63 йил, етти ой ва икки кун турган ўзининг катта бувиси қиролича Виктория рекордини янгилади.