«Ўзавтойўл» АКда Германиянинг қатор компаниялари иштирокида учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати маълум қилди.

Уларда Ўзбекистон ҳамда Германия Федератив Республикаси ўртасида автомобиль йўллари қурилиши бўйича йўлга қўйилган ҳамкорлик ва уни самарали давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

Германиянинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхард Хёфер-Виссинг ҳамда ГФР иқтисодиёт ва энергетика Федерал вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Бернхард Дух иштирокида бўлиб ўтган ушбу музокараларда мазкур мамлакатнинг BOMAG GmbH, AMMANN каби ва бошқа компаниялари вакиллари билан келгусида йўлга қўйилиши мумкин бўлган ҳамкорлик хусусида сўз борди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистонда маҳаллий хомашё ва ишчи кучи базасида жаҳон андозаларига жавоб берадиган ҳамда Ўзбекистон йўл қурилишида ишлатиладиган юксак техника ва технологиялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, асфальт-бетон қоришмалари тайёрлашга йўналтириладиган, BOMAG GmbH, AMMANN компаниялари иштирокидаги қўшма корхоналар барпо этиш, йўлсозлик соҳасига инвестициялар жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида немис компаниялари мазкур таклиф юзасидан ўзларининг амалий режаларини яқин вақтда тақдим этишини маълум қилди.

Учрашувларда томонларни қизиқтирган барча масалалар бўйича фикр алмашилди.