Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу йилнинг 26 июнь куни Жазоир Халқ Деморактик Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Носир Бушеритдан ишонч ёрлиғини қабул қилиб олди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхонанинг янги тайинланган раҳбарини самимий қутлар экан, Ўзбекистон Жазоир билан ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераётганини таъкидлади ва элчининг шарафли ҳамда масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.
Ўзбекистон Жазоирга Шимолий Африкадаги энг муҳим ташқи сиёсий шериклардан бири, деб қарайди. Суҳбат чоғида мамлакатларимиз ўзаро манфаатли савдони ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш учун катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.
Жазоир элчиси икки мамлакат халқларини тарихий, маданий ва маънавий муштарак алоқалар боғлаб туришини таъкидлади ва давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга муносиб хизмат қилишни ўзи учун улкан шараф, деб билишини қайд этди.
26 ноябрь куни “Miran International Hotel” мехмонхонасида “Жазоир билан дўстлик” Ассоциациясини ташкил этишга бағишланган таъсис мажлиси бўлиб ўтди.
Жазоир Халқ Деморактик Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Носир Бушерит ўзининг табрик нутқида 9 ойдан бери Ўзбекистонда эканини, юртимизнинг чиройли ва гўзаллигини айтар экан, бегона юртда эмас, худди ўз уйидек хис қилаётганини таъкидлади. “Мехмондўст шундай халқ орасида эканлигимдан хурсандман” деди элчи. У ўз сўзида шу давр мабойнида кўплаб ўзбекистонликлар билан учрашганини, ўтган асрнинг 60-70 йилларида Жазоирда хизмат қилган ўзбекистонликлар сухбат давомида “Жазоир дўстлари” деб номланган уюшма тузиш таклифи билан чиққанликларини маълум қилди. “Бу таклиф элчихона ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Уюшма икки томонлама алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади”, деди Носир Бушерит. У ўз сўзида “Ўтган асрнинг 70 йилларида хамкорлик алоқалари йўлга қўйилган экан, бу алоқаларни 2015 йилда хам амалга ошириш мумкин” деди. Элчининг фикрича, бунинг учун имконият ҳам, ҳоҳиш хам бор.
Шундан сўнг Жазоирда мехнат қилган бир гурух ўзбекистонликлар мазкур мамлакат ва у ерда ўтказган дамлари борасида ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Жазоир ва ёшлик дамларини соғинишларини айтишди. Таниқли мўйқалам устаси Жавлон Умарбеков Жазоирга бағишланган асарларининг яратилиши хақида, кинорежиссёр Ғиёс Шермухаммедов эса икки мамлакат киноусталари томонидан яратилган “Суғдиёна”, “Буюк Турон” бадиий фильмларининг суратга олиниш жараёнлари хақида гапириб беришди.