Чеченистон Ички ишлар вазирлиги полициячилар томонидан Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳақларига ўқилган тиловатлар сони ҳисоби юритилиши ҳақидаги ахборотни рад этди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги.

“Ибодат қилиш ва бошқа диний мажбуриятларни адо этиш ҳар бир диндорнинг ишлаш жойи ва эгаллаган лавозимидан қатъий назар шахсий ишидир. Чеченистон ИИВ бундай маълумотларни йиғмайди. Бундай ишлар билан Чеченистон ИИВ органлари ва бўлинмалари бошлиқлари ҳам шуғулланмайди. Интернетда пайдо бўлган бу хабарни иғводан бошқа нарса деб бўлмайди”, дейилди вазирлик матбуот хизматида.

ИИВда ҳозирда ушбу хабарни тарқатган манбани қидириш бўйича текширув олиб борилаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ чеченистонлик полициячиларга Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳақларига тиловат қилиш мажбурияти қўйилгани ҳақидаги хабар пайдо бўлганди. Хабарда айтилишича, ИИВнинг ҳар бир ходими 300 мингта қисқа тиловат ўқиши шарт қилиб қўйилган.