Греция бош вазири Алексис Ципрас ўз твиттери орқали Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғлуга қарата Су-24 самолётининг уриб туширилиши бўйича муносабатини билдириб ўтган. У ўз твитларида туркиялик учувчилар бу вазиятда ўта асабий ҳаракат қилгани, грециялик учувчилар эса бундай қилишмаслигини айтиб ўтган.

"Бахтингизга греклар бундай асабийлик кўрсатишмайди, сизникилар россияликларга қарши қилган ҳаракатини бизникилар қилишмайди", деб ёзган бош вазир.

Брюсселда ўтган ЕИ-Туркия саммити вақтида Ципрас Довудўғлуга муҳожирлар оқими борасида ҳамда Туркия авиацияси самолётдари Эгей денгизи устида Греция ҳаво кенгликларини бузиб ўтиши ҳолатлари бўйича савол берган.

"Эгей денгизи устида нималар бўляпти? Биз ўз ҳудудимизни қўриқлаш учун (сизнинг самолётларингиздан) миллиардлаб пул сарфлашимизга тўғри келади", дея ёзган Ципрас яна бир твитида.

У Туркия бош вазирини қуролланиш учун эмас, муҳожирлар муаммосини ҳал қилиши учун маблағ сарфлашни тавсия қилган.

Довудўғлу унинг биринчи твитига жавоб қайтарган.
"Учувчиларнинг ҳаракати бугун кўп муҳокама қилинмоқда. Алексис, келинг ижобий мавзуларни муҳокама қилайлик", деган у.

Кўп ўтмасдан, Ципраснинг инглизча аккаунтидан бу твитлар ўчирилган, лекин грекча твитлар сақлаб қолинган.

Бироз олдинроқ, Франция президенти Франсуа Олланд саммитни тарк этиш арафасида Туркияга муҳожирлар муаммосини ҳал қилишда сарфлаши учун 3 млрд евро ажратилишини маълум қилганди.

Ундан олдинроқ, Греция бош вазири Греция ва Туркия ноқонуний муҳожирларнинг Туркия орқали Европага кириб келиши муаммосига қарши курашиши кераклиги ҳақида айтиб ўтганди.