Парижда ўтаётган иқлим ўзгариши томонлар саммити доирасида Исроил ва Фаластин вакиллари юзма-юз бўлишди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос қўл сиқишиб кўришди.

Бу уларнинг беш йилдан буён биринчи учрашуви бўлди. Охирги марта улар 2010 йилда учрашишган эди.

Исроил ва Фаластин ўртасидаги муносабатлар қарийб 70 йилдан буён мураккаб бўлиб қолмоқда. Исроил томонидан эгаллаб олинган айрим ҳудудлар БМТ томонидан Фаластинга тегишли эканлиги тан олинганига қарамай, расмий Тель-Авив Фаластин деган давлатнинг борлигини тан олишни истамайди. Бунинг натижасида мусулмон давлатлари Исроил билан келишмовчиликка бормоқда. Шунингдек, ўртада тез-тез қуролли тўқнашувлар келиб чиқади.