Ўзбекистон ФВВ турли вилоятларда қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказди

Ўзбекистон 01 Декабрь 2015 3316

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш Давлат тизимининг 2015 йил асосий тадбирлар режасига асосан жорий йилнинг ноябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида, Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилди.

Ўқув машқларига ФВДТ ҳудудий қуйи тизими органлари раҳбарлар таркиби ҳамда уларнинг куч ва воситалари, иқтисодиёт объектлари, ўқув муассасалари, оммавий ахборот воситалари жалб этилди.

Хабар бериш тизимининг тайёргарлиги ва барқарор ишлашини текшириш, ФВДТ ҳудудий қуйи тизими органларининг фавқулодда вазиятларда функционал вазифаларини бажариш йўналишларини аниқлаштириш, авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни бажаришда моддий-техник таъминот масалаларини ҳал этиш, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда ФВДТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларини кўриб чиқиш ўқув машқининг асосий мақсади этиб белгиланди.

Машғулотлар давомида бир қатор тактик-махсус ўқув машқлари ҳам ўтказилиб, уларнинг таркибида Фуқаро муҳофазаси кунлари ташкил этилди. Айни тадбирларда фавқулодда вазиятларда хабар бериш, улар содир бўлганда бирламчи вазифаларни амалга ошириш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишга ихтисослашган механизациялаштирилган отрядларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланишга шайлиги синовдан ўтказилди.

Шу билан бир қаторда, Қўмондонлик штаб ўқув машғулотлари давомида туманлардаги барча корхона, ташкилот ишчи-хизматчилари ҳамда қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи иш билан банд бўлмаган аҳоли билан “Табиий ва ис газидан, озиқ овқат маҳсулотларидан заҳарланиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар олдини олиш”, "Қутуриш касаллиги олдини олиш” , “Оммавий тадбирларда ўзини тута билиш ва саросимага тушмаслик, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатни амалга ошириш қоидаларига риоя қилиш” мавзуларида учрашув ва суҳбатлар ўтказилди.

Шунингдек, машғулотлар давомида Фуқаро муҳофазаси тадбирларини режалаштириш ва амалга оширишга оид назарий саволлар ҳам ўрганиб чиқилди.

Мазкур қўмондонлик – штаб ўқув машғулотлар давомида йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, ФВДТ хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, ўқув машғулотларида фаол иштирок этган қатнашчилар муносиб рағбатлантирилишди.

Кўпроқ янгиликлар