The Washington Post нашрида ёзилишича, Ироқ томони АҚШнинг ИШИД билан ҳамкорлик ўрнатганидан гумон қилмоқда. Улар АҚШ ИШИД билан Яқин Шарқни назорат қилиш учун ҳамкорлик қилиши мумкинлигидан хавотирланишган.

Ҳарбийлардан бирининг айтишича, ироқлик ҳарбийлар бир неча марта америкаликларнинг вертолётлари жангариларга қурол етказиб бераётганига гувоҳ бўлишган. Ўз навбатида, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлашган.

"ИШИД айни вақтда ҳалокат ёқасига келиб қолди. Улар жуда кучсизланган ва америкаликлар уларга ёрдам беришни тўхтатишса, биз бир неча кун ичидаёқ уларни бутунлай йўқ қиламиз. Бунга шубҳа бўлмаслиги керак", деган шиалар бўлинмаси раҳбарларидан бири Мустафа Саади.

Америкалик ҳарбийлар эса бу айбловда мутлақо асос йўқлигини таъкидлашган ва бу борадаги саволларга жавоб қайтаришни ҳам ўзларига эп кўрмасликларини аён қилишган.

Қайд этилишича, 2003 йилда АҚШ Ироқ ҳудудига кириб келгач, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган. Ироқ томони америкаликларнинг Яқин Шарқдаги вазиятга аралашишидан норози бўлиб келади ва уларнинг ёрдамларини инкор этиб келади. Бироз олдинроқ, Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абади Ироқ ҳудудига қўшимча ҳарбийларнинг юборилиши лойиҳасини танқид қилганди.

Нашрда қайд этилишича, АҚШ ва ИШИД ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида ироқлик сиёсатчилар тез-тез гапириб туришади. Бу ҳақида Эрон ва Ироқ ўртасида махфий ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва АҚШ бу икки давлат учун умумий душман сифатида қабул қилиниши ҳақидаги хабарлар фонида айтилмоқда.

Ироқ Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Носир Нурийнинг билдиришича, вазирлик АҚШ ва ИШИД ўртасида ҳамкорлик мавжудлигини инкор қилади. Лекин кўплаб ироқликлар бу маълумотга ишонишмайди.

Бироз олдинроқ, Пентагон Ироқ ва Сурияга ИШИД билан курашишда ёрдамчи кучларни юбориши маълум қилинганди.