Ўзбекистонда жамоат транспортларида огоҳликка чақирилмоқда

Ўзбекистон 03 Декабрь 2015 4328

Париждаги туркум терактлардан кейин Ўзбекистонда жамоат транспортларида огоҳликка чақирувчи эслатмалар пайдо бўлди.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Ахборот хизматининг хабар қилишича, республикамизда автотранспорт хавфсизлигини, жумладан, автовокзал ва автостанцияларда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 18-20 ноябрь кунлари агентликнинг барча вилоят ҳудудий бўлимларида ташувчи корхоналар, автовокзал, автостанциялар ҳамда автобус ва такси саройлари раҳбарлари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда ички ишлар органларининг масъул ходимлари иштирокида семинар-йиғилишлар бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирларда йўналишларга чиқарилаётган транспорт воситаларининг техник ҳолатига алоҳида аҳамият бериш ва носоз транспорт воситаларидан йўловчи ташишда фойдаланмаслик, автотранспорт корхоналари ва ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳудудига бегона шахсларни киритмаслик, автотранспорт воситасида ёки автовокзал, автостанцияларда шубҳали шахс ва юклар аниқланган ҳолларда ҳайдовчи ёки автовокзал, автостанция ходими томонидан кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилиб, йиғилганларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Хусусан, ҳайдовчиларга – автотранспорт воситасида шубҳали нарса-буюм борлиги маълум бўлган тақдирда зудлик билан йўловчиларни салондан тушириб, транспорт воситасини хавфсиз жойга олиш ва милиция органларига хабар бериш лозимлиги эслатиб ўтилди, корхоналар раҳбарларига эса махсус йиғилишлар ташкил қилиб, ҳайдовчиларга йўловчилар ёки омма орасида қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар, турли диний тусдаги даъватлар, одам савдоси, террорчилик ва қўпорувчилик аломатлари кузатилганда дарҳол бундан милиция органларини огоҳ қилиш кераклигини тушунтириш, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, шунингдек хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия этилди.

Ўтказилган семинар-йиғилишлар доирасида уларнинг иштирокчиларига автотранспорт ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ишлаб чиқилган қўлланма ва йўриқномалар тарқатилиб, ташувчиларга ҳар бир ҳайдовчи ва хизматчиларни ушбу материаллар билан таништириш, ҳар бир автобус, микроавтобус ва енгил автомобиллар салонига илова қилинаётган тарғибот чақириқларини жойлаштириш вазифаси юклатилди.

Кўпроқ янгиликлар