Агар ОПЕКга аъзо ва унга кирмайдиган давлатлар, жумладан, Россия, Қозоғистон, Мексика ва Уммон нефть олиш ҳажмларини қисқартириш мажбуриятини ўз зиммасига олса, унда Саудия Арабистони ҳам буни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Energy Intelligence нашрига иқтибос келтирган ҳолда РБК нашри маълум қилди.

Бунгача Саудия Арабистони нефть нархининг тушишидан зиён кўрган картелнинг бошқа аъзоларининг бундай чақириқларини инкор қилиб келаётган эди. “Нефть олишни камайтириш учун ОПЕКга кирмайдиган давлатлар, шунингдек Ироқ ҳам иштирок этиши керак. Эронда нефть олиш бўйича вазият ҳам равшан бўлиши керак”, деб айтди ОПЕК делегатларидан бири.

Energy Intelligence маълумотларига кўра, Саудия Арабистони кейинги йилда нефть олишни кунига бир млн баррелга қисқартиришни таклиф қилади, бу бутун дунёдаги бир кунлик умумий нефть олиш ҳажмининг деярли 1 фоизини ташкил қилади. ОПЕКга аъзо давлатлар улушига олинадиган нефтнинг 40 фоизи тўғри келади.

Шу билан бирга маълум қилинишича, кунига 30 млн баррелни ташкил қилувчи чеклов 18 ойдан бери ташкилот аъзолари томонидан ошириб келинмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, ноябрда картель оладиган бир кунлик нефть ҳажми 32,12 млн баррелни ташкил қилган.

Агар бу масалада келишувга эришилса, унда қарор ташкилотнинг 4 декабрда Венада бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишида эмас, балки кейинги йилда кучга киради, деб айтмоқда агентлик манбаси. 30 нафар таҳлилчининг прогнозларига кўра, ҳозирча картель бозордан рақобатчиларни сиқиб чиқариш учун нефтни аввалги миқдорда олишни давом эттираверади.