Яман жанубида жойлашган Таиз шаҳрида 2 декабрда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция томонидан “Чегара билмас шифокорлар” ташкилотига тегишли касалхонага берилган авиазарба оқибатида 9 нафар одам жароҳатланди. Бу ҳақда Женевада “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти хабар берди.

“Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция томонидан Жанубий Ямандаги “Чегарасиз шифокорлар” ҳалқаро тиббиёт ташкилоти томонидан бошқарилувчи касалхонага авиазарба берилди. Барча жароҳатланганлар, жумладан касалхонанинг 2 нафар ходими ташкилотга қарашли бошқа тиббиёт муассасаларига кўчирилди”, деб айтилмоқда хабарда.

Хабарда айтилишича, аввалроқ коалиция “касалхонанинг аниқ жойлашган ўрни ва фаолияти” ҳақида хабардор этилган. Ташкилот раҳбари Жером Алэннинг таъкидлашича, шифохоналар жойлашган координаталар “Саудия Арабистони бошчилигидаги коалицияга мунтазам бериб турилади”. Охирги марта бундай маълумот 29 ноябрда берилган.

“Фуқаролик шахслари ва касалхоналарнинг бомбардимон қилиниши ўзидан халқаро инсонпарварлик ҳуқуқининг бузилишини намоён қилади. Касалхоналарда даво олмоқчи бўлган фуқароларга зиён етказмаслик керак”, деб айтди Алэн. Алэн ўтган ойда ҳам ташкилотнинг Ҳайдон туманидаги касалхонаси зарбалар берилиши оқибатида вайрон бўлганини эслатиб ўтди.