Қирғизистон Миллий хавфсизлик масалалари бўйича давлат комитети 3 нафар чегарачининг халқаро террорчилик ташкилотининг аъзоларидан бирини ноқонуний равишда ўтказув назорат пунктида қўйиб юборгани бўйича маълумотларни ошкор қилди.

"Бишкекдаги "Манас-аэропорт" ўтказув пунктидаги давлат чегара хизмати ходимлари жангарилар сафига янги аъзоларни ёллаш билан шуғулланган, халқаро қидирувда бўлган террорчини ўз хизмат бурчини суиистеъмол қилган ҳолда чегарадан ўтишига шароит яратиб бергани аниқланди", дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, шу йилнинг июлида 3 нафар чегарачи террористик ташкилотнинг аъзоси ва унинг рафиқасининг чегарада ўтишида ёрдам берган. Бу террорчи кўп вақт ўтмасдан Бишкекдаги махсус амалиёт вақтида ўлдирилган.

Қирғизистон ҳукумати маълумотига кўра, Сурия ва Ироқ ҳудудидаги жангари гуруҳлар сафида 500 нафар атрофида қирғизистонлик бор. Уларнинг тўртдан бир қисми аёллардир.