Туркия ҳарбийлари Ироқ шимолида ҳарбий машғулот ўтказишга киришди

Жаҳон 05 Декабрь 2015 4409

Турк ҳарбийлари Ироқнинг шимолидаги Мосул шаҳри атрофидаги (ИШИДнинг Ироқда босиб олган энг йирик шаҳри) ўқув-машғулот лагерида ҳарбий машғулотлар ўтказишни бошлаган. Бу ҳақда Туркия миллий хавфсизлик хизматидаги ўз манбасига асосланиб, Рейтер агентлиги хабар берган.

Манба Мосулга келган ҳарбийлар сонига аниқлик киритмаган, лекин бу мунтазам қўшин эканини билдириб ўтган.

Бошқа бир юқори мартабали амалдорнинг айтишича, бу машғулот ИШИДга қарши курашнинг бир қисми ҳисобланади. У туркиялик ҳарбий мутахассислар курдларнинг пешмурғ уруғи вакилларини ҳарбий ҳаракатларга ўргатишини айтган.

Қайд этиш керакки, Мосулни ИШИД жангарилари ўтган йилнинг июлида босиб олганди ва Ироқдаги марказига айлантирганди. Ироқ бу шаҳарни қайтариб олиш учун бир неча марта ҳаракат қилган лекин ички низолар туфайли бунга эриша олмаган.

Бироз олдинроқ, АҚШ томони Ироқ ҳудудига фақат расмий Бағдоднинг розилигини олибгина киришини маълум қилганди.

Кўпроқ янгиликлар