Арманистон фуқаролари республика конституциясига ўзгартиришлар киритилишига ўз муносабатларини билдиришлари керак бўладиган референдум бошланди. Бу ҳақда "РИА Новости" ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Арманистонда бугун маҳаллий вақт билан соат 07:00да деярли 2 мингта сайлов участкалари очилди. Овоз беришлар кечки соат 20:00га қадар давом эттирилади.

Armenia Today маълумотига кўра, айни вақтда Арманистонда сайлаш ҳуқуқига эга фуқаролар сони 2 млн 550 минг 323 кишини ташкил этади.

Мамлакат бош қонунидаги "Референдум ҳақида"ги 35 моддада ёзилишича, янги ҳужжатнинг қабул қилиниши учун сайловчиларнинг камида 25 фоизи уни маъқуллаши керак бўлади.

Конституциявий ислоҳот Арманистоннинг бошқарувнинг парламент шаклига ўтишини назарда тутади.

Ислоҳот лойиҳасига кўра, Арманистон президенти чегараланган ваколатларга эга бўлади ҳамда умумий ва тўғридан-тўғри овоз бериш натижаларига кўра эмас, балки парламент депутатлари томонидан сайланади. Президент ваколатлари муддати ҳозирдаги 5 йил ўрнига 7 йил бўлиши ва шу билан бирга фуқаро бу лавозимни такроран эгаллаш ҳуқуқига эга бўлмаслиги назарда тутилган.

Ҳозирда Арманистонда 1995 йил 5 июлда қабул қилинган ва 2005 йил 27 ноябрда ўзгартиришлар киритилган конституция амал қилади.