Тошкентда olx.uz сайтида (собиқ torg.uz) автомобиль сотиш билан фирибгарлик қилувчи фирибгарлар пайдо бўлди.

Фейсбукда “Водители Ташкента” гуруҳи фойдаланувчисининг маълум қилишича, жиноятчилар айнан бир схема бўйича ишламоқда.

“Фирибгарлар гўёки чет элга доимий равишда яшагани кетганлари ва Ўзбекистонга қайтмасликларини, ўзбек рақамига эга машинани сотишаётганини, ўзлари билан машинани олиб кетишгани, бироқ машина Ўзбекистонда ҳисобда тургани учун уни растаможка қилиш қимматга тушаётгани ва энди паст нархда сотишаётганини айтиб, сизда пул борлигини исботлаш учун 50 фоиз пулни исталган одамга пул ўтказмаси билан ўтказиб, сўнгра пул ўтказилгани ҳақидаги тасдиқномани (суратга олинган банк корешогини) юборишни, машина расмийлаштирилгандан кейин эса қолган пулни бериб, банкда пул олувчини ўзгартиришингиз ва шу билан битим якунланишини айтишмоқда. Фирибгарларга учраб қолманг”, деб огоҳлантирмоқда хабар муаллифи.       

Аввалроқ жорий йилнинг сентябрь ойида Наманган вилоятида автофирибгарларнинг фаолиятига чек қўйилгани маълум қилинганди. Улар томонидан амалга оширилган операциялар ҳажми бир неча млрд сўмдан кўпроқни ташкил қилмоқда. Фирибгарлар кўпчилик автомобиль эгалари машиналарини қарзга бўлиб-бўлиб сотишларидан фойдаланиб, бир неча ўнлаб одамларни чув туширишган.