Голливуднинг таниқли актёри Морган Фриман минган хусусий самолёт Миссисипи штати ҳудудидаги Туника шаҳридаги аэропортга фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. TMZ телеканали хабарида айтилишича, самоёлт ҳавога кўтарилган жойидан 57 км масофа учгач (36 мил) шошилинч қўнишни амалга оширган.

Маълум қилинишича, актёр 5 декабрь куни Миссисипи штатининг Кларксдейл шаҳридан Техасдаги Ҳьюстон шаҳрига йўл олганди.

Учувчи гидравлика тизимдаги муаммо ҳақида хабар бериб, қўнишга рухсат сўраган. Қайд этилишича, самолёт қўниш вақтида шикастланган.

Актёр бу воқеа юзасидан муносабат билдирган.
"Баъзида шундай кўнгилсиз воқеалар бўлиб туради. Лекин маҳоратли учувчимиз Жимми Ҳобсоннинг шарофати билан жароҳат олмасдан қўндик. Фақат самолётимнинг шиналари зарарланди", дейди у The Wrap нашрига.

Ҳьюстонда Фриман National Geographic телеканали учун "Илоҳиёт тарихи" ҳужжатли фильмини суратга олиш жараёнида иштирок этиш учун кетаётганди.