Туркия Россия ҳукумати Су-24 ҳарбий самолёти уриб туширилгандан кейин Туркияга нисбатан киритган иқтисодий санкцияларини қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги маълум қилди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу Владимир Путин томонидан имзоланган Туркияга нисбатан санкциялар қўллаш ҳақидаги фармон ҳақидаги саволга изоҳ бериб ўтди.

“Киритилган санкцияларни давлатларимиз манфаати ва келажаги йўлида қайта кўриб чиқиш ва уларни зудлик билан бекор қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз”, деб айтди Човушўғлу.

Човушўғлунинг таъкидлашича, иқтисодий чоралар иккала давлатнинг ҳам иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади ва бу санкциялардан Россия халқи ҳам Туркия халқидан кам бўлмаган даражада зиён кўради.

“Иқтисодиёт ва савдо бизнинг икки томонлама муносабатларимизда доимо алоҳида ўрин тутган. Бўлиб ўтган нохуш воқеа сабабли кўп йиллик саъй-ҳаракатлар натижасида мустаҳкам асосга эга бўлган муносабатларимизга зиён етказишга имкон бериш нотўғри бўлади, деб ҳисоблаймиз”, деб таъкидлаб ўтди вазир.

Човушўғлунинг айтишича, кескинликни кучайтириш ўрнига бу даврни босиқлик билан босиб ўтиб, муносабатларни аввалги ҳолига қайтариш керак.