МСК: Арманистон фуқароларининг 64 фоизи конституциявий ислоҳотларга рози

Жаҳон 07 Декабрь 2015 915

6 декабрь куни Арманистон фуқаролари республика конституциясига ўзгартиришлар киритилишига ўз муносабатларини билдиришлари керак бўладиган референдум бўлиб ўтди.

«Новости Армении» нашри маълумотига кўра, Арманистон Марказий сайлов комиссияси 7 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 03:45да бюллетенларнинг 83 фоизи ҳисоблаб чиқилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳисоблаб чиқилган бюллетенларда сайловчиларнинг 64, 13 фоизи ислоҳотларни маъқуллаган, 31,67 фоиз сайловчи эса қарши бўлган.

Референдумда 1 млн 296 минг 368 нафар сайловчи иштирок этган ва давомат кўрсаткичлари 50,51 фоиз бўлган. Арманистонда сайлаш ҳуқуқига эга бўлганлар сони 2 млн 550 минг 323 кишини ташкил этади.

Конституциявий ислоҳот Арманистоннинг бошқарувнинг парламент шаклига ўтишини назарда тутади.

Бир палатали парламент беш йил муддатга сайланадиган 101 депутатдан (ҳозирда улар сони 131 нафар) иборат бўлади.

Ислоҳот лойиҳасига кўра, Арманистон президенти чегараланган ваколатларга эга бўлади ҳамда умумий ва тўғридан-тўғри овоз бериш натижаларига кўра эмас, балки парламент депутатлари томонидан сайланади. Президент ваколатлари муддати ҳозирдаги 5 йил ўрнига 7 йил бўлиши ва шу билан бирга фуқаро бу лавозимни такроран эгаллаш ҳуқуқига эга бўлмаслиги назарда тутилган.

Ҳозирда Арманистонда 1995 йил 5 июлда қабул қилинган ва 2005 йил 27 ноябрда ўзгартиришлар киритилган конституция амал қилади.

Кўпроқ янгиликлар