ТАТУда дастурлаш бўйича жаҳон чемпионати ярим финал мусобақалари бўлиб ўтди

Ўзбекистон 07 Декабрь 2015 3845

2015 йилнинг 5-6 декабрь кунлари Тошкент ахборот технологиялари университетида Шимолий-Шарқий Европа гуруҳида дастурлаш бўйича жаҳон чемпионати ярим финал босқичи мусобақалари бўлиб ўтди. Бунда Ўзбекистондан 26та жамоа, Қозоғистондан 24та жамоа ва Қирғизистондан 2та жамоа финал йўлланмасини қўлга киритиш учун курашди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Тошкент ахборот технологиялари университетининг 1-жамоаси “Tahskent U of IT 1” (Бозорбоев О., Тошканов А., Самадов С.) 7та масала ишлаган ҳолда биринчи ўринни эгаллади. Қозоғистоннинг Kazakh-British TU 1 ва Kazakh-British TU 4 жамоалари 7 ва 6 та масала ишлаган ҳолда иккинчи ва учунчи ўринларни эгаллашди.
Мусобақа бир вақтнинг ўзида Санкт-Петербург, Барнаул ва Тбилиси шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
Маълумот учун, мусобақа регламентига кўра жамоаларга 5 соат мобайнида турли хил 12та масала берилади ва жамоалар масалаларни белгиланган дастурлаш тиллари ёрдамида энг кам вақт сарфлаб ечишлари лозим бўлар эди. Шимолий-Шарқий Европа гуруҳида энг яхши натижаларни қўлга киритган жамоалардан финал босқичига танлаб олинади ва тез орада эълон қилинади. Финалга битта олий таълим муассасасидан фақатгина бир жамоа қатнашиши мумкин.
Эслатиб ўтиш жоизки, дастурлаш бўйича жаҳон чемпионати финалига йўлланмани Ўзбекистон жамоаларидан фақатгина Москва давлат университетининг Тошкент филиали 1- жамоаси 2013 йилда қўлга киритган.

Мусобақанинг якуний натижаларини ушбу ҳавола орқали кўриш мумкин. 

Тайёрлади: Махмудов Анваржон, Абдуллаев Алишер

 

Кўпроқ янгиликлар