Ўзбекистон миллий кутубхонаси жамғармаси немис бастакори Георг Фридрих Генделнинг Амир Темур ҳақидаги операсининг ўзбекча таржимаси билан тўлдирилди. Ўзбекистон миллий кутубхонаси матбуот хизматининг хабар беришича, мусиқий драма рус тилидан шоир ва таржимон Ғулом Мирзо томонидан ўгирилди. 118 бет ҳажмли китоб “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилди.

Генделнинг “Тамерлан” номли асари ўзбек тилига “Амир Темур” номи остида ўгирилиб, унга кириш сўзини профессор Акмал Саидов ёзди.
1724 йили яратилган опера Генделнинг энг машҳур асарларидан бири бўлиб, у Анқара жангидан сўнг Йилдирим Боязиднинг қўлга олиниши ҳамда ундан кейинги воқеаларнинг эркин талқинини акс эттиради.

Китобдан, опера матнидан ташқари, Георг генделнинг таржимаи ҳоли, библиографияси ва ҳаёти билан боғлиқ асосий саналар рўйхати ўрин олди.