Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Каспий денгизидаги нефть қазиб олиш платформасида содир бўлган ёнғинда одамларнинг ҳаётдан кўз юмгани муносабати билан Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Озарбайжон президенти матбуот хизмати хабар берди.

“Ҳурматли Илҳом Ҳайдарович, Каспий денгизидаги нефть қазиб олиш платформасида содир бўлган ёнғинда одамларнинг ҳаётдан кўз юмгани муносабати билан ҳамдардлигимни қабул қилинг. Ҳалок бўлганларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик ва кўмак сўзларини етказишингизни сўрайман”, - дейилади таъзияномада.

Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни кечқурун кучли бўрон натижасида Каспий денгизида Озарбайжоннинг «Гюнешли» нефть конидаги 10-сонли платформада ёнғин келиб чиққан эди. Қутқарув операцияси жараёнида 33 кишининг ҳаёти сақлаб қолинди. 23 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. «Day.az» маълумотига кўра, ҳозиргача етти кишининг жасади топилган.