Тожикистоннинг Помир тоғларида рўй берган зилзила натижасида 500га яқин уй вайрон бўлди. Тош кўчкиси остида қолган бир киши вафот этиб, бир неча ўн киши жароҳат олди. Бу ҳақда 8 декабрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон матбуот хизмати хабар қилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, душанба, 7 декабрь куни тонгда Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудида магнитудаси 7,2 баллга тенг бўлган зилзила содир бўлди. Эмомали Раҳмат тезкор суръатда табиий офат ҳудудига ҳукумат комиссиясини юборди.

“Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон вафот этган ва жароҳатланганларнинг оилаларига ҳамдардлигини билдириб, автономия, вазирлик ва маҳкамалар раҳбариятига имкон қадар тезроқ бошпанасиз қолган фуқароларга вақтинчалик турар-жойлар бериш, уларни иссиқ кийим, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, табиий офат оқибатларини бартараф этиш чораларини кўриш вазифасини топширди”, - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Тожикистон Фанлар академияси геофизика хизмати раҳбари Собит Негматуллаевнинг маълум қилишича, вайронагарчилик келтириб чиқарган зилзиладан кейинги бир кун давомида худди шу ҳудудда яна 10 маротаба 5,5-4,6 баллик ер силкинишлари кузатилди.