Навоий вилояти Хатирчи туманидаги «Кўксарой» сув омбори қурилиши ишлари якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Лангар тоғидан оқиб тушувчи сой, булоқ ва сел сувлари тўпланишидан ҳосил бўладиган сув омбори 7,5 миллион куб метргача оби ҳаётни сақлаш қувватига эга. 78 гектар майдонни эгаллаган мазкур иншоотда тўпланаётган сув миқдори ва таркибини аниқлаш, уни тақсимлаш учун замонавий ускуналар ўрнатилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, унинг сув бериш қуввати йилига қарийб 12 миллион куб метр.

"Мазкур иншоот тумандаги салкам минг гектар экин майдонини сув билан таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, муҳими, сел-тошқин ва офатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Қишлоқ хўжалигида оби ҳаётдан самарали фойдаланиш ҳамда сув таъминотини яхшилаш мақсадида ишга туширилган сув омборининг қурилиш-монтаж ишларига қарийб 21 миллиард сўм маблағ сарфланди", – дейди «Ўзмахсуссувқурилиш» ихтисослашган компанияси давлат корхонаси «Зарафшонмахсуссувқурилиш» филиали директори Ёқуб Юсупов.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.