Бугун, 9 декабрь куни Британия Кенгаши, Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, ЎзДЖТУ ҳузуридаги Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий инновацион маркази билан ҳамкорликда тил ўрганиш кўникмаларини баҳолаш соҳаси мутахассислари учун "Замонавий баҳолаш методлари" бўйича Миллий конференциянинг очилиш маъросими бўлиб ўтди.

Анжуман Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан, Британия Кенгаши директори Марк Кросси ва мутахассислар Ричард Вест ҳамда Жейми Данлилар иштироки билан старт олди. Инглиз тилини ўқитиш ва билимларни баҳолаш бўйича тренинглар 9-10 декабрь кунлари Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида бўлиб ўтади.

Ундан ташқари, 11-16 декабрь кунлари халқаро ва миллий стандартларга асосан инглиз тили билим ва кўникмаларини баҳолаш бўйича амалий машғулотлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Мазкур тренингларда инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлайдиган етакчи олий таълим муассасалари, ўрта-махсус таълимда фаолият юрутувчи инглиз тили ўқитувчилари ва Давлат тест маркази вакиллари иштирок этади.

Семинарларда иштирокчилар инглиз тилини баҳолашда янги бўлган " Aptis" дастури имкониятлари билан танишиб чиқадилар.
Режага кўра, амалий машғулотлар натижаси ўлароқ, иштирокчилар тренер сифатида мамлакатдаги ўқув юртларига маслаҳат бериш ва босқичли семинарлар ўтказиш орқали "Замонавий баҳолаш методлари"ни тарғиб этишади.

Чарос ОМОНОВА, ЎзДЖТУ талабаси