Австарлиянинг Мельбурн шифоханаларидан биридаги жонлантириш бўлимига ётқизилган қизнинг аҳволи тажрибали шифокорларни ҳам довдиратиб қўйди. 17 ёшли мактаб ўқувчиси Эллен Литцовнинг кўриниши аянчли бўлиб, у 40 кг га ориқлаб кетган эди.

Шифокорлар бир ҳафтадан буён туз тотмаётган қизнинг ҳаётини аранг сақлаб қолишди. Унинг бундай ҳолга тушишига синфдошлари қизнинг устидан кулишлари сабаб бўлган.
“Семизлигим учун ўзимни ёмон кўрар эдим. Шу боис озишга ҳаракат қилдим. Шояд синфдошларим мени қабул қилишса деб ўйладим. Бошида яқинларим менинг бу ишимга қаршилик қилишди. Аммо мен ўз аҳдимда қатъий турдим”, — деди Эллен.

Қийинчилик билан ўтган бир неча ойдан сўнг Литцов 40 кг га озиб кетди. У энди ҳаракатланишга ҳам қийналиб қолган эди. Чунки бундан бутун баданига оғриқ турар эди.

Нотўғри қўлланилган парҳез туфайли у шу ҳолатга келиб қолганди. Спорт билан шуғулланишни ҳам ташлаб қўйди. Тенгдошларининг эса унга бўлган муносабати янада ёмонлашди. Қайсидир вақтга келиб, у емай ҳам, ичмай ҳам қўйди. Натижадабу вақтга келиб унинг оғирлиги 35 кг га етди. Очликнинг саккизинчи куни бир қултумгина сув ичди ва шу заҳоти ерга қулаб, қалтирай бошлади.

“Шундагина менга ёрдам зарурлигини англаб етдим. Онам тез ёрдам чақирди ва мени шифохонага олиб кетишди”, — деди Эллен.

Шифокорлар унга керакли ёрдам кўрсатишди. Айни дамда Элленнинг саломатлиги яхши томонга ўзгаришда давом этмоқда.