Бухоро вилояти Олот туманида 50 ўринга мўлжалланган замонавий туғруқхона мажмуаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон президенти раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, айниқса, она-бола саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Қарийб 3 миллиард 260 миллион сўм маблағ сарфланган мажмуа биноси “Маржона қурилиш ирригация-қурилиш” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан бунёд этилди.

"Соғлом она ва бола концепциясини амалга оширишда нафақат гинеколог ва акушерлар малакасини ошириш, балки соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Янги бинода барча қулайликлар яратилган, жумладан, ҳомиладор аёлларда учрайдиган касалликларни даволаш, туғруқ, реанимация бўлимлари ва чақалоқларни интенсив даволаш хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланган", дейди мажмуа бўлим мудираси Мамлакат Каримова.

Вилоятнинг Жондор, Пешку, Қоракўл туманларида ҳам шундай замонавий туғруқ мажмуалари қурилган ва реконструкция қилинган.