Хонанда Лола Йўлдошева Redpen.uz сайтига берган интервьюсида лицензиядан маҳрум қилинганидан сўнг шоу-бизнесга четдан қараш имкониятига эга бўлганини ва шу асосда тегишли хулосалар қилганини айтиб ўтди.

“Бугун, “шоу-бизнес” номли кема бортидан четга чиқиб қолган эканман, бўлаётган ишларни четдан кузатиш имкониятига эга бўлдим, - деди у. – Афсуски, бизнинг фаолиятимиз жуда кучли назоратга тушиб қолибди. Бу қушнинг қанотини синдириш билан баробар. Ижодкор шахсни назорат қилиш мумкин эмас. Шунгача бормоқдаки, Instagram’даги шахсий саҳифа ҳам назорат остидаги соҳага айланмоқда. Тамом, сенда шахсий фото жойлаштириш имконияти йўқ. Энди менинг шахсий ҳаётим концертим бекор қилинишига сабаб бўлмоқда”.

Лекин Лола тушкунликка тушмаётганини, тегишли хулосалар қилаётганини, асосийси – тингловчиларини йўқотмаётганини мамнуният билан эътироф этди.

“Мен тингловчиларимни йўқотмаяпман. Бу муҳимроқ. Мен ўз принципларимга қарши иш қилишни хоҳламайман. Ҳар доим муроса қилишга тайёрман, лекин мен кўна олмайдиган нарсалар бор. Умуман, мен салбий томонларга ўралашиб қолмайман. Ҳар доим одамлар ва вазиятларда ижобий томонларни топаман. Бунинг тескарисини қилсанг, ақлдан озиш мумкин, айниқса бизнинг касбимизда”, - хулоса қилди хонанда.