Британия Адлия вазирлиги маслаҳатчиси Мартин Нэри мамлакатда қамоқда бўлганларга планшетда Skype орқали ўз қариндошлари билан гаплашиш имконини беришни таклиф қилди. Бу ҳақда The Times нашри хабар тарқатмоқда.

«Қамоқдагилар анча вақтини камераларда ўтказишади. Биз мазкур вақтни самаралироқ ўтказиш имкониятини тақдим этишимиз зарур», — дея таъкидлади у.

Унинг фикрича, маҳбус ҳафтада бир марта устозлари билан учрашиб туриши керак. Кейинчалик махсус топшириқларни бажариб, ўз билим доирасини кенгайтириши лозим бўлади.

«1982 йилда мен шу тизимга ишга кирганимда уларнинг аҳволи хароб ҳолатда эди. Уларга радио эшитиш учун рухсат беришганди. Ҳозир улар Skype ёки FaceTime хизматларидан фойдаланиши ва ўз фарзандларини кўриб туришлари керак. Биз янгича технологиялар орқали оилавий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишимиз лозим», — дея қўшимча қилган Нэри.

Нашрнинг ёзишича, ҳозирда мазкур таклифни Адлия вазири Майкл Гоувнинг ўзи кўриб чиқмоқда.