2015 йилнинг 11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга ташриф буюрган Корея Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ким Ҳон Кюнни қабул қилди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон-Жанубий Корея алоқаларини кенгайтиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик Форуми доирасидаги муносабатларга оид масалалар муҳокама қилинди.

Икки давлат стратегик шерикчилигининг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш ва ривожлантириш имконини берувчи олий даражадаги мунтазам ўтказилиб турувчи ва серқиррали мулоқот ўзаро муносабатларнинг марказида туриши таъкидланди.

Президент Пак Кин Хенинг Ўзбекистонга 2014 йилги ва президент Ислом Каримовнинг Корея Республикасига 2015 йилги давлат ташрифлари якунларига кўра 110дан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар, жумладан умумий қиймати 9,5 млрд АҚШ долларига яқин савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий ҳамкорлик соҳаларидаги шартномалар имзоланди.

Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шу куннинг ўзида Тошкент шаҳрида вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг 12-раунди бўлиб ўтди. Унда икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати батафсил муҳокама қилинди. Турли соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, Ўзбекистон Корея Республикаси ўртасидаги алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий негизини кенгайтириш бўйича таклифлар амалий жиҳатдан кўриб чиқилди.

Учрашувларда Корея Республикаси Элчиси Ли Ук Ҳон иштирок этди.