Инсонлар билан фойдали мулоқотда бўлишимиз ўзимиз учун яхши ҳисобланади.

Бунинг учун атрофимизга ўзимизга муносиб бўлган ва зарари тегмайдиган кишиларни йиғишимиз керак.

Бугун сизга дарҳол воз кечишингиз керак бўлган етти турдаги инсонлар рўйхатини келтириб ўтамиз. Негаки, уларнинг ўрнига, яхши, хушчақчақ ва руҳиятингизга яқин инсонлар келиши учун жой ҳозирланиши керак.

1. Жанжаллар “қиролича”си

Айрим кишилар зиддиятли вазиятларни юзага келтирадиган асабийлиги оқибатида жанжал чиқаришдан “роҳатланишади”. Ундайларга имкон бера кўрманг! Ундайларга дуч келсангиз, хотиржамликни сақлашга ҳаракат қилинг. Ўзингизга ортиқча асабийлашиш ва жанжал орттирманг. Қаршингиздаги киши жанжал чиқаришга ҳаракат қилса, сиз хотиржамлик ва ишонч билан унга жанжални хоҳламаётганингиз ва бунга ҳожат йўқлигини тушунтиринг. Агар жанжалкаш кимса билан тортишсангиз, бу кайфиятингизга салбий таъсир кўрсатади ва ортиқча асаббузарлик туфайли саломатлигингизга зиён етади. Шунинг учун уни йўлингиздан секингина четга улоқтиринг-да, эътиборингизни бўлмай олға юринг.

2. Шахсиятингизга тегадиган кимсалар

Ҳаёт йўлимизда бизни ҳурмат қиладиган, қадрлайдиган инсонлар билан бирга, камситадиган, таҳқирлашга уринадиган кимсаларни ҳам учратамиз. Ундайларни тушуниш, кечириш ва худди улар истагандек инсон бўлишга уриниш билан вақтингизни йўқотманг! Сизни борингизча қабул қилиб, шундайлигингизча ҳурмат қилмаган инсонлардан индамай узоқлашинг. Бу - ўз шахсиятингизни ҳурмат қилганингиз бўлади!

3. Орзуларингиз қанотини кесадиган пессимист кишилар

Орзуларингиз устидан кулиб, уларни таҳқирлашга уринадиган кимсалардан ҳеч иккиланмай узоқлашинг! Бундайлар ўзингиздаги ички ишонч, қатъиятни синдиради. Руҳингизни чўктиради. Афсуски, инсонларни орзу-умидларига эришиш йўлидан қайтариш билан роҳатланадиган кимсалар ҳам бор. Атрофингизда шундайлар бўлса, уларни ўзингизга яқинлаштирмасликка ҳаракат қилинг. Унутманг, эҳтиёжларингиз ва уддалашингиз мумкин бўлган нарсалардан бошқаларнинг фикрига кўра воз кечманг! Ҳаётга оптимистик нигоҳ билан қаранг. Сиз ўйлаганингиздан ортиғига муносибсиз! Аллакимларнинг фикри ва муносабати орзуларингизга чегара қўйишга ҳақдор эмас!

4. Мутаассиб кишилар

Агар атрофингизда ўз фикрини ҳамма вақт тўғри деб биладиган, ўта мутаассиб, салбий қарашлари билан фикрларингизга босим ўтказишга уринадиган кишилар бўлса, ҳар доим асабийлашиб, тушкунликка тушишнинг ҳожати йўқ. Шунчаки, улардан осонгина воз кечинг, ўзингиздан узоқлаштиринг! Улар ён-атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга мутлақо парво қилишмайди. Қачон қарасангиз, фикри-хаёли ўз фалсафаси билан банд бўлади. Башарти уларга яқинлашсангиз, сизга ҳам фикрини ўтказишга ва бу билан руҳиятингизга салбий таъсир ўтказишга уринишади.

5. Қайсар кишилар билан ҳисоблашиш шарт эмас

Ўтган йиллар мобайнида улғайганингиз ва ҳаётга қарашларингиз ўзгарганини тушунмайдиган қариндош-уруғингиз ёки эски дўстларингиз назарида улар хоҳлагандек инсон бўлишга мажбур эмассиз! Уларнинг хоҳиш-истаги, ўй-фикрлари сизга маъқул келмаганидай, сизнинг ҳам дунёқарашингизни улар қабул қилолмаяпти. Бундай ҳолатларда кимгадир мослашиш, кимнингдир кўнгли учун руҳиятига бегона бўлишига қарамай у билан дўстлашиш – руҳиятингиз учун хавфли. Шунчаки ҳамманинг ҳам ўз ҳақиқати бор. Аммо бу сиз уларнинг ҳақиқати олдида бош эгишингиз керак, дегани эмас! Бошингизда қандай хаёллар бор ва нималарни режалаштиряпсиз - булар сизнинг шахсий ишингиз. Сиз амалга оширмоқчи бўлган иш кимгадир ёқмаса - бу унинг муаммоси. Ҳаммага бирдек ёқишни ва ҳаётдаги мақсадларингиз, бажармоқчи бўлган ишларингиз барча яқинларингизга маъқул бўлишини ўйламанг. Зеро сиз бунга мажбур эмассиз ҳам!

6. Хатоларингизни кечирмайдиган қаттиққўл дўст

Ҳеч қачон адашмайдиган, хато қилмайдиган инсоннинг ўзи йўқ. Одам хато қилиб ўрганади, адашиб тўғри йўлга чиқади. Инсонликнинг қоидаси шу - хатолардан тажрибалар орттириб улғайиб, ақли тўлиб кетаверади. Билиб-билмай хато қилганингизда қўлингиздан тутиб сизга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига айбларингизни очиб, изза қиладиган дўстдан узоқлашинг. Ўтмишдаги хатоларингиз учун тинмай сизни уялтирадиган ва узрингизни қабул қилмайдиган дўст билан келажак яхши кунларингизга боролмайсиз. Яхшиси, уни ўтмишда қолдирганингиз маъқул.

7. Ўзингизни танқид қилишни тўхтатинг!

Ҳаддан ортиқ кўп танқид қиладиган кишидан ўйлаб ўтирмай узоқлашинг! Тўғри, танқид келажак меваси. Аммо ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак. Меъёридан ошган танқид руҳиятга салбий таъсир ўтказади. Шунингдек, ўз-ўзингизни ҳам тинмай танқид қилишни тўхтатинг. Ҳаётингизда нимадир рўй бериши керак бўлса, ўз-ўзидан бўлаверади. Ўзингизни қадрлай олинг. Атрофингиздагилар сизни борингизча қабул қилишсин. Албатта ҳар бир инсоннинг ўзига хос жиҳати бўлганидек, сизнинг ҳам бетакрор, ноёб фазилатларингиз бор ва бу хусусиятларингиз билан бошқалардан фарқланишингиз табиий. Бошқалар сиздек бўлолмаганларидек, сиз ҳам уларга ўхшамайсиз. Бунинг учун қимтиниб юришингиз ёки ўзгалар сизни танқид қилишлари керак эмас. Ҳаётдан завқланиб яшанг. Ҳар лаҳзани бахт билинг. Ҳатто қийин муаммоларни ҳам қувноқлик, хушчақчақлик ва хотиржамлик билан ҳал қилиш мумкин.

Ҳаётингиз гўзал ва мазмунли ўтиши ўз қўлингизда.