2016 йил мартидан Ўзбекистондан нархи 1000 доллардан ошмайдиган маҳсулотларни божхона юк декларациясини тўлдирмай интернет-дўконлар орқали экспорт қилиш мумкин бўлади.

Бундай чоралар Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг 2015 йил 13 ноябрдаги “Халқаро почта жўнатмалари устидан божхона назоратининг вақтинчалик қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Қарорда экспортчилар интернетдаги онлайн-дўконлар орқали уларнинг банклардаги ҳисоб рақамларига тўлов тўлиқ келиб тушгандан ва бу маълумот ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилгандан кейин экспорт шартномаларини расмийлаштирмасдан товар, иш ва хизматларни экспорт қилиш ҳуқуқига эга эканликлари таъкидлаб ўтилган.