Қозоғистонлик ўғрилар ўзларининг жиноятларини амалга оширишда янги инновациялардан фойдаланмоқда. Ўғрилар ўз қурбонларини ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб, топмоқдалар, деб хабар бермоқда КТК телеканали.

Уй эгалари ўз уйларини тарк этганлари ҳақида хабар пайдо бўлиши билан ўғрилар шу уйга ўғриликка тушмоқдалар. Полиция қозоғистонликларни огоҳроқ бўлиш ва уйларни қаровсиз қолдирмасликка чақирмоқда.

Ўғрилар асосан ўзига тўқ одамларни қурбон сифатида танлайдилар.

Ижтимоий тармоқда Қозоғистонда таниқли актриса Сая Ўрозғалиеванинг 150 минг обуначиси бор. Улардан айнан бири актрисанинг уйига ўғриликка тушган жиноятчи бўлиши мумкин. Ўғри актрисанинг уйидан пуллар, зеб-зийнатлар ва планшетни ўғирлаб кетган. Актриса кейинроқ инстаграмда маълум қилганидек, уйида ҳеч қандай қимматбаҳо нарсани сақламас экан.

“Биз уйда 4 соатгина бўлмагандик, бундан аввал мен аҳмоқлик қилиб ижтимоий тармоқларда онам 10 кунга бизникидан кетганини ёзгандим. Сал ўтиб мен инстаграмда ўғлим билан бир тадбирда болалар ресторанида эканлигимни ёзгандим”, деб айтмоқда актриса.

Полицияда айтилишича, жиноятчилар аввалдан олинган кўрсатма бўйича ҳаракат қилишган. Инстаграмдаги актрисанинг хабари жиноятчиларга жуда қўл келган. Энди актриса турли тадбирларда тушган расмларини реал вақтда ижтимоий тармоқларга жойлаштирмайдиган бўлди.

“Бизнинг одамлар ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқаси, ҳар бир соатигача ижтимоий тармоқларда қўйишни хуш кўрадилар. Жиноятчилар бундан фойдаланадилар, саҳифаларга кириб, одамлар қандай яшаётгани, ким қандай мавқега эгалиги, қандай кийим кийиши, қандай машинада юриши, қандай курортларга бориши, қаерларга ишчи сафарларга боришини кузатадилар. Ва шу маълумотларга асосланиб жиноятчилар одамнинг бадавлатлиги ҳақида фикр чиқаради”, деб айтмоқда Олмаота прокуратураси туман бўлими бошлиғи Арсен Бегалин.

Павлодарлик жиноятчилар тўдаси ҳам шундай йўл билан Остонада жиноят содир этган. Ижтимоий тармоқда жамодон расми пайдо бўлиши билан, ўғрилар бўш уйга бемалол қириб, ўз жиноятини амалга оширган. Жиноятчилар ўз қурбонларининг саҳифасига аввалдан обуна бўладилар. Баъзи уринишлар эвазига улар қурбонлари ҳақида қўшимча маълумотларни оладилар. Кўпинча қурбонларнинг ўзи телефон рақамлари, манзилларини саҳифаларига жойлаштирадилар.

Остонанинг биргина туманида йил бошидан 11 мингдан кўпроқ хонадонга ўғри тушган. Ўғрилар асосан хусусий уйларга кўпроқ ўғриликка тушадилар. Ҳуқуқ-тартибот муассасалари бу муаммони ҳал қилишга ностандарт ёндашди: улар аҳоли учун махсус видеоролик ёздирдилар ҳамда унда аҳолини огоҳроқ бўлиш ва ўз уйларини узоқ вақтга қаровсиз қолдирмасликка чақирдилар.

Полиция ва прокуратура одамларни камроқ мақтанчоқлик қилишга ва камтарроқ бўлишга чақирмоқда. Ўғрилар ҳам огоҳлантириб ўтилди: ушбу жиноят учун 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.