Google компанияси ҳар йили бўлиб ўтадиган “Йил қидируви” тўпламининг ўн бешинчи тақдимотини намойиш қилди. “Йил қидируви”да йил давомида ушбу тизимда қидирилган энг муҳим, энг ҳаяжонли воқеалар тизмаси ўрин олади.

Йилнинг энг муҳокамабоп мавзуси оммавий қашшоқлик ва спорт мусобақалари бўлган. Париж терактидан сўнг 897 миллион марта сўров берилган. Катмандудаги зилзиладан сўнг, “Непалга қандай қилиб ёрдам кўрсатиш мумкин?” сўрови ҳам жуда оммалашган — 85 миллион марта. Крикет бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати вақтида мусобақа билан боғлиқ 320 миллионта сўров берилган.

Рўйхатдан “Оскар” тақдимоти, марҳум машҳурлар билан хайрлашув маросимлари, регби бўйича жаҳон чемпионати, футбол бўйича аёллар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати, шунингдек, Елизавета II билан боғлиқ воқеалар ҳам жой олган.

Google компаниясининг маълум қилишича, фойдаланувчилар учун ўтган йил давомида Кейтлин Женнер тарихи билан боғлиқ саволлар ва АҚШ Олий суди томонидан бир жинсли никоҳга рухсат берилгани ҳақидаги саволлар қизиқарли бўлган.

Компания, шу билан бирга, йил трендига айланган оқ-тилларанг ёки қора-ҳаворанг куйлак мунозараси (70 миллион марта сўров) ва “Юлдузлар жанги: Кучнинг уйғониши” фильми трейлири (155 миллион сўров) ҳақида ҳам эътироф қилиб ўтди.

Шунингдек, Google’нинг эътироф этишича, қидирув алоҳида ҳудудлар доирасида ҳам оммалашган. Масалан, россиялик сўров берувчиларни энг кўпи 2015 йилда вафот этган қўшиқчи Жанна Фриски, “Кумушнинг 50 хил туси” фильми ва “Евровидение” кўрик танлови қизиқтирган.