Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани газ идораси назоратчилари Дилноза Бобоева ва Жавлон Рустамовларнинг қилмишлари фош этилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Айтилишича, Бобоева ўзига бириктирилган ҳудудда яшовчи Комил Қўчқоров ҳаммода иситиш печини ўзбошимчалик билан ўрнатиб олганига гувоҳ бўлиб, бу печни ҳужжатлаштириб бериш баҳонасида ундан 150 минг сўм пул олган. У ҳамкасби Жавлон Рустамов кўмагида ушбу хонадонга ёзилган далолатномани компьютерга киритиб, Қўчқоровнинг уйини қарздорлар рўйхатига қўшиб қўйган.

Сўнг улар Қўчқоровга учраб, бу қарзни узиб бериш учун ундан 250 минг сўм сўраган. Ўтган сафар ҳам фирибгарларга пул бериб қўйган фуқаро сергак тортиб, тегишли жойларга ариза билан мурожаат қилган. Натижада газ назоратчилари ундан пул олаётган чоғда пора устида қўлга туширилган.