“Оила даврасида” газетаси яна бир бора эрта турмуш қуришнинг зарарли томонларига тўхталиб ўтди. Янги материалда бу соҳада бошқа давлатларнинг тажрибаларига ҳам тўхталинди.

“Бугун юртимизда ёшларнинг барвақт оила қуришига йўл қўймасликка нега бу даража катта эътибор қаратилаётганининг сабабини ҳаммамиз ҳам тушуниб етяпмизми? Атрофга қарайлик: фалон вилоятда никоҳ ёшига етмаган қизнинг тўйи вақтинча тўхтатиб қўйилди, фалон шаҳарда фалонча эрта никоҳнинг олди олинди, деган ахборот-маълумотларнинг аслида қай даражада аҳамиятли эканини ҳис қиляпмизми?”, - деб ёзади мақола муаллифи.

Унинг таъкидлашича, ўзбек халқи ўғил фарзандларини оилалик қилишга кўп шошилмагани билан, қизларини имкон қадар эртароқ узатишга ҳаракат қилади. Бунинг оқибатида ҳали турмушга тайёр бўлмаган қизлар бебахт бўлиши ҳолатлари кузатилади. Натижада ота-оналар орзу-ҳавасни деб ёшларнинг умрини хазон қилгани қолади.
“Тенги чиқса, текинга бер”, деган оилалар ўртасидаги ижтимоий мувозанатни сақлашга ишора қилувчи ажойиб мақол нотўғри талқин қилинади: гўё, қиз боланинг тенги чиқса, никоҳ ёшига етишини кутиб ўтириш шарт эмасдай”, - таъкидлайди муаллиф.
“Никоҳ ёшини белгилашда ҳар бир давлат ўз миллий шарт-шароити, ҳудудий ўзига хослиги, аҳолининг никоҳга муносабати ва репродуктив ҳолатидан келиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, тарихий-миллий анъаналарига мувофиқ равишда иш юритади ҳамда бу қонун ва қонуности ҳужжатларида ўзининг ҳуқуқий аксини топади, — дейди бу борада халқаро тажрибани ўрганган олима, психология фанлари доктори Васила Каримова. — Аксарият давлатларда никоҳ ёшини йигит ва қиз учун бир хил этиб белгилаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланар экан”.

Маълумот берилишича, никоҳ ёши ҳар давлатда ҳар хил. Масалан, АҚШ, Австрия, Бельгия, Болгария, Бразилия, Дания, Канада, Мексика, Миср, Россия, Туркия, Финляндия каби давлатларда никоҳ ёши 18 ёш деб қонунан белгиланган. Япония ва Жанубий Кореяда — 20, Аргентина ва Малайзияда эса 21 ёш никоҳдан ўтиш учун расман рухсат этилган давр ҳисобланади.

Ўзбекистонда никоҳ ёши қизлар учун 17, йигитлар учун эса 18 ёш этиб белгиланган.
“Бироқ бу йигит-қизлар шу ёшга етганда уларнинг албатта бошини иккита қилиб, уйлантириш керак, дегани эмас, - тушунтиради журналист. – Бу ёш чегаралари йигит-қизларнинг никоҳга кириши учун расман рухсат этилган энг қуйи чегарасидир, холос”.