Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, Қамчиқ довонидан ўтган А-373 “Тошкент — Ўш” автомобиль йўлида 17 декабрдан 18 декабрга ўтар кечаси ҳамда 18-20 декабрь кунлари вақти-вақти билан кучли қор ёғиши эҳтимоли бор.

Вазирликнинг Гидрометеорология маркази маълумотларига асосланиб хабар беришича, Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати -10 даражагача пасайиши, туман тушиши, шамолнинг тезлиги сониясига 20 метргача кучайиши, кўриш узоқлиги 50-100 метргача қисқариши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Гидрометеорология маркази томонидан 18-20 декабрь кунлари республиканинг барча ҳудудлари бўйлаб қор ёғиши ҳақида хабар берилган эди.

Ҳаво ҳарорати кечаси ва кундузи 0-5 даража илиқни ташкил этади. Тошкентда ҳарорат кечаси -3 дан +2, кундузи 18 декабрь куни 3-8, 19-21 декабрь кунлари эса 0-5 даража илиқ бўлади.