Saipro ахборот-рейтинг агентлигининг таъкидлашича, охирги 3 йил давомида Ўзбекистон суғурта компанияларида инвестициялар ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилмоқда.

Жумладан, 2013 йилнинг 9 ойи мобайнида инвестициялар ҳажми 16.5 фоизга ўсган бўлса, 2014 йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 19.9 фоизга, жорий йилнинг шу даврида эса 21 фоизга тенг бўлди.

Инвестициялар таркибининг таҳлили шуни кўрсатадики, 2015 йилнинг уч чораги якунларига кўра кўчмас мулкдан бошқа барча инвестиция объектларига киритмалар ҳажми ўсган. Кўчмас мулк инвестициялари 7 фоизга қисқариб, 27.1 млрд сўмни ташкил қилган.

Инвестицияларнинг энг катта улуши эса анъанавий равишда депозитлар ва қимматбаҳо қоғозларга тўғри келган. Ҳисобот даврида депозитларга киритмаларнинг ўсиши 22 фоиз бўлиб, 335 млрд сўмга етган. Қимматбаҳо қоғозларга киритмалар 21 фоизга ўсиб, 288.4 млрд сўм бўлган.

Бошқа инвестицияларда максимал ўсиш кузатилиб, улар 5.9 баробарга ўсган ва 6.4 млрд сўмни ташкил қилган.