Қозоғистон матбуоти кўп болали оилалардан бирининг уй-жой муаммоларини кўтариб чиқди. Айтилишича, Чимкентнинг Интимоқ туманида истиқомат қилувчи оилада 10 нафар фарзанд бўлиб, уларнинг энг каттаси 15 ёшда, энг кичкинаси эса 5 ойликдир.

Айтилишича, болалар дарс тайёрлашга жой топа олмайди, бутун оила овқатланиши учун эса ҳар сафар уч марта кетма-кет дастурхон ёзишига тўғри келади.

10 фарзандни дунёга келтирган 28 ёшли Қарлиғоч Дарибоева “Она донғи” орденига эга бўлганига қарамай, у ҳануз оиласи билан бир хонали уйда яшаб келмоқда. Бу уй ҳам уларга тегишли бўлмай, бепул бўлгани учунгина туришибди.

Катта қизлар ота-онаси билан бир хонада ётишдан ҳижолат бўла бошлаган, кичкиналар ўйнашга жой топа олмаяпти, 5 ойлик гўдак эса тинимсиз йиғлайди, деб тасвирлайди аҳволни журналист.

“Сутим қочиб кетди. Болага сунъий аралашмалар бермоқдамиз. Уч кун муқаддам у ҳам тугади, энди унга ширин нонни сувга ботириб беряпмиз”, - дейди аёл.

Уйда иситиш тизими ишламагани учун аллақачон совуқ тушган, болаларнинг деярли барчаси шамоллаган.

13 ёшли Гулденнинг тан олишича, айни пайтда ота-онаси уларга ҳатто дарс тайёрлаш учун дафтар сотиб олиб бера олмайди. Унинг синглиси Равона эса нафақат овқатланишда, балки кийинишда ҳам навбатга туришларини, битта либосни алмаштириб кийишларини айтди.

Кам таъминланган оилага бериладиган нафақа 20 минг тенгени ташкил қилади. Қоровул бўлиб ишлайдиган оила раҳбарининг маоши 40 минг тенге. 60 минг тенге Чимкент шаҳрида 12 кишидан иборат оилани боқишга камлик қилади.

2012 йилда оила уй олиш учун навбатда турган эди. Хонадон масаласи 2015 йилда ҳал қилиниши ваъда этилганига қарамай, масала ҳал бўлмай қолиб кетди.

Чимкент шаҳар ҳокимияти уй-жой сектори мудираси Гулнор Қудойберганқизининг айтишича, ушбу оила ижтимоий муҳофазага муҳтож 11 тоифадан бирига мансуб.

“Бу тоифа вакилларидан 7 600 нафари уй олиш учун навбатда турибди. Ҳозир 1987-1990 йилларда рўйхатга олинганларнинг навбати келди. Қарлиғоч Дарибоева эса 2012 йилда навбатга турган”, - тушунтирди у.