Германия федерал разведка хизмати аксилтеррор йўналишида суриялик ҳамкасблари билан ҳамкорликни яна жонлантирди, деб хабар беради Bild нашри.

Айтилишича, ҳамкорлик Суриядаги ҳарбий ихтилоф туфайли тўхтатиб қўйилган эди. Энди эса Германия разведкаси ходимлари Дамашққа йўл олиб, у ерда суриялик ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Шу тариқа, деб ёзади нашр, иккита мақсад кўзланмоқда. Биринчидан, томонлар ИШИД бўйича ахборот алмашмоқда. Иккинчидан, Германия хавфсизлик кучлари сурияликлар билан ҳамкорликда ИШИДга қарши операцияда иштирок этаётган немис учувчиларини қутқариш сценарийсини (агарда бунга эҳтиёж туғилса) ишлаб чиқмоқда.

Бундан ташқари, Германия федерал разведка хизмати Дамашқда ваколатхонасини очмоқчи. Бу мақсадда ҳозирликда ёпиб қўйилган элчихона биносидан фойдаланилиши мумкин. Ҳукумат икки давлат разведкаси ўртасидаги алоқалардан бохабар этилгани таъкидланмоқда.