16-18 декабрь кунлари Хитойнинг Чэнду шаҳрида 24-Бутунжаҳон Хотира чемпионати бўлиб ўтди.

Унда ҳамюртимиз Ҳусниддин Исмоилов иштирок этди ва ўзбекистонликлар орасида биринчи бўлиб, Халқаро хотира спорти устаси (International Master of Memory) унвонига эга бўлди.

Бу унвонга эга бўлиш учун Ҳусниддин 1 соат ичида 1460 та рақамни эслаб қолиш, 1 соатда 832 дона қарталарни эслаб қолиш, 1 қути қартани 76 сонияда эслаш каби шартларни бажарди.

Қайд этилишича, Хотира Ақлий спортида Халқаро хотира спорти унвонини олиш учун 4 та шарт бажарилиши керак:

1 соатда 1000 дан ортиқ рақамни эслаб қолиш;
1 соатда 10 қутидан ортиқ қарталарни эслаб қолиш;
2 дақиқа ичида бутун бир қарталарни эслаб қолиш;
Умумий мусобақада 3 000 дан ортиқ балл тўплаш.

Ҳусниддин Исмоилов ҳозирда Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти талабаси. У 2014 йилда Хитойнинг Хайкоу шаҳрида бўлиб ўтган 23-Бутунжаҳон Хотира чемпионатида муваффақиятли қатнашган эди.

Маълумот учун, Бутунжаҳон Хотира чемпионати илк маротаба 1991 йилда Лондон шаҳрида бўлиб ўтган. Ушбу чемпионатда бугунга келиб дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан вакиллар қатнашади. Ўзбекистондан бу мусобақаларда илк маротаба 2010 йилда Шоҳруҳ-Мирзо Раҳмонов иштирок этган.