Россия Бош прокуратураси қарори билан террорчилик уюшмаларига ҳомийлик қилганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Шаҳобиддин Ўринов жиноий жавобгарликка тортилиш учун ўз ватанига топширилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ, ушбу турдаги жиноят учун 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Россия Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Ўринов Ўзбекистон Республикасида “Таблиғчилар” диний-экстремистик оқимига қўшилганликда, 2012 йилда “Туркистон Ислом партияси" террорчилик уюшмасига аъзо бўлганликда айбланмоқда.

Ўринов Москвада бўлган вақтида, 2012 йилнинг октябрь ойига қадар, Афғонистон ва Покистон ҳудудида яширин фаолият кўрсатадиган “Туркистон Ислом партияси” учун одам ёллаш билан шуғулланган. Шунингдек, ушбу партия фаолиятини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида, маблағ тўплаш билан банд бўлган.

"Россия Бош прокуратураси террорчилик уюшмаларига ҳомийлик қилганликда айбланаётган Шаҳобиддин Ўриновни Ўзбекистонга топшириш қарорини қабул қилди", дейилади Sputnik хабарида.

Апелляция арзларида Ўринов ва унинг ҳимоячиси чиқарилган ажримдан норози эканликларини билдириб, биринчи инстанция судида хатога йўл қўйилганлиги, жиноий-процессуал кодексга амал қилинмаганлиги ҳақида таъкидлади. Аммо Ўринов ва унинг ҳимоячиси келтирган далиллар инобатга олинмади. Қарор қонуний кучга кирди.