2015 йилнинг 18 сентябр куни ўзбекистонлик ишчи гуруҳи аъзоларининг фаолияти Ўрта Осиё ва Афғонистон ҳожиларига хизмат кўрсатувчи муассаса томонидан махсус фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайти орқали хабар қилинди.

“Ҳозирги кунда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ишлари вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиши ва уни ўтказиши ривожланган йирик давлатлар сафида эканлиги эътироф этилмоқда”, - деб таъкидланади хабарномада.
Шу муносабат билан қўмита Ҳаж ва Умра сафарларига бориш учун навбатга туришнинг янгиланган тартибини эслатиб ўтди.

Айтилишича, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан 2013 йил 6 февраль куни қабул қилган “Тартиб” сафарга бориш тартибларини белгилаб беради. Мазкур тартибга кўра Ҳаж ва Умра сафарларига бормоқчи бўлган фуқаролар ҳужжатларини қабул қилиш қуйидагича амалга оширилади:
- Ҳаж ва Умра зиёратларига бориш учун аризачи доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза ҳамда паспорти нусхасини тақдим этиши лозим.
- Фуқароларнинг Ҳаж ва Умра тадбирларига бориш учун аризаси уларнинг доимий яшаш жойларидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан йил давомида қабул қилиниб, навбатга қўйиб борилади.

- Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи аризани қабул қилиб олгандан сўнг аризачига рўйхатда турганлигини акс эттирувчи маълумотнома тақдим қилади.
- Рўйхат бўйича навбати келган фуқаролар ташкилий гуруҳ томонидан чақиртирилади ва ҳужжатлари расмийлаштирилади.

- Ҳаж ва Умра тадбирларига бориш учун рўйхатда турган фуқаронинг ўз навбати келганда муайян сабабларга кўра зиёратга бориш имкони бўлмаса, у ариза билан навбатини кейинги йилга орқага суриши мумкин.
- Икки йилдан сўнг ҳам фуқаронинг муайян сабабларга кўра зиёратга бориш имкони бўлмаса унинг навбати бекор қилинади.

- Фуқаронинг навбати бекор қилинганда унинг ўрнига навбатда ундан кейин турган фуқаро зиёратга бориш ҳуқуқига эга бўлади ҳамда бу ҳақда зиёратга бориш ҳуқуқига эга бўлган фуқаро хабардор қилинади.
- Навбати бекор қилинган фуқаролар Ҳаж ва Умра тадбирларига бориш учун белгиланган тартибда рўйхатга қайтадан ёзилади.
- Навбатда турган фуқароларнинг ўз навбатини ўзаро алмаштиришига ёки уни рўйхатда турмаган фуқароларга беришига йўл қўйилмайди.

- Ташкилий гуруҳлар тегишли йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан Ҳаж ва Умра тадбирларига борадиган зиёратчилар рўйхатига киритилган фуқаролардан ўзлари ҳисобда турган тиббиёт муассасаларидан саломатлиги, зиёратга боришга қодир эканлиги ҳақидаги маълумотномани ва рангли фотосуратларини қабул қилиб олади.

Тегишли йилда Ҳаж ва Умра зиёратларига борадиган фуқаролар рўйхатини шакллантиришда қуйидаги қўшимча шартлар мавжуд.
Жумладан, муқаддас сафарга мумкин қадар кўпроқ фуқароларимизнинг боришларини таъминлаш мақсадида Ҳаж сафарига бормоқчи бўлган фуқаро сўнгги беш йил мобайнида Ҳажга, Умра зиёратига бормоқчи бўлган фуқаро эса охирги икки йил мобайнида Умра ёки Ҳажга бормаган бўлиши шарти киритилган.

Шунингдек, ислом дини таълимоти талабларига кўра, Ҳаж ва Умра зиёратларига бормоқчи бўлган фуқаролар вояга етган бўлиши ва 45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамларининг (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси ва ҳ.к.) ҳам бирга бориши ҳамда маҳрам эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома) нусхаси тақдим этилиши лозим.