Шаклланиб қолган анъанага кўра, устоз санъаткорлар ОАВ орқали миллий санъат, хусусан, кино ва қўшиқчиликдаги камчиликларни танқид остига олиб чиқмоқда. Лекин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов “Бекажон” газетасига берган интервьюсида нафақат ёш актёрлар ва хусусий киностудияларни, балки театрни ҳам танқид остига олди.

“1993 йилда театрдан ўз хоҳишим билан кетганман, — гап бошлади у. — Кетганимнинг сабаб шуки, театр ўзгариб кетди. Тушларимга кириб чиқаверди. Охири бўлмади. Ҳеч ким таклиф этмаса-да, театрга яна қайтиб бордим. Ҳамма спектаклларни кўрдим. Аввалгидек муҳит йўқ эди, олдинги театр, олдинги спектакллар йўқ”.

Театрдан сўнг бошланган кинокарьераси ҳақида гапираркан, санъактор унинг камчиликларини айтиб ўтишни унутмади.

“Режиссёрликка, актёрликка алоқаси бўлмаган одамлар ҳам кинога кириб келишди, — деди у. — Хусусий фильмларда жуда кам ўйнаганман. Сценарий юрагимни жиз эттирмаса, ҳеч қачон суратга тушмайман. Хусусий кинода режиссёра кучли эмас, сценарийлар жудаям бўш. Кўп фильмлар бир-бирини такрорлайди”.

Бахтиёр Қосимов бугунги ёш актёрлар ва режиссёрларга нима етишмаётганини айтиб ўтди: “Уларда дард етишмаяпти, завқ етишмаяпти! Биринчидан, бугун яхши режиссёрлар жудаям кам. Режиссёрларнинг ўзи билимли бўлмаса, китоб ўқимаса, қандай қилиб кучли фильмлар ишлайди? Иккинчидан, режиссёр актёрлар билан пишиқ-пухта ишлаши керак. Мана, Эркин Комилов нега зўр актёр бўлиб юрибди? Роллари бир-бирини такрорламайди, ҳар бир ролида дард бор, завқ бор. Нега бугун Эркин Комиловдек актёрлар йўқ? Чунки бу буюк санъаткор Шукур Бурхоннинг мактабида таҳсил олган, тарсакисини еган, ёлғон роль ўйнашни ор деб билади. Устоз кўрмагани учун ҳам ёш актёрларимиз ўзларини кучли деб билади. Ролларини шошиб ўйнаб беришадида, ё телефон билан банд бўлишади, ё югуриб тўйга кетишади. Бу ҳолда қандай қилиб яхши роль чиқариб бериш мумкин? Ўзларидан ёши улуғ актёрларни назар-писанд қилишмайди. Театр ва кино санъати дарғаларининг исми-шарифларини айтиб беришолмайди. Ўттиз-қирқта роль ижро этиб қўйдим, дейишади. Сони бор, салмоғи йўқ!”.

Актёр бугун ишланаётган сериаллар ҳақида ҳам юқори фикрда эмаслигини тан олди: “Бундай фильмлар, сериаллар режа асосида ишланаяпти. Чет элларга олиб чиқиши мўлжалланаётган бўлиши ҳам мумкин. Аммо мавқеи, савияси сифатсиз бўлган бу сериалларни чет эл томошабини қандай қабул қиларкан?”.

Бахтиёр Қосимов тил масаласини ҳам эътибордан четда қолдирмади.

“Адабий тилимизни йўқотиб қўйяпмиз, — деди у. — “Бормовотти, кемавотти” деган сўзлар қаердан кириб келаяпти? Бундай сўзлар шеваларда ҳам йўқ! Шу тарзда кетаверсак, ўн беш-йигирма йилдан кейин тилимизни йўқотиб қўямиз-ку! Тилнинг бузилиб бораётганлиги ҳақида кўпроқ бонг уришимиз керак. Яқинда Маданият ва санъат институти талабалари қисқа метражли фильмлар ишлашибди. Телевизорда кўрдим.

Ишонасизми, бирортаси юрагимни жиз эттирмади. Режиссура йўқ! Актёр билан ишлашда режиссура оқсаяпти. Дубляжда ҳам маҳорат йўқ, тил йўқ. Ахир ғояни чиқариб берадиган актёр-ку! Бу ҳақда кимлар жиддий бош қотиради, билмайман. Телевидениеда, радиода гапирилаяпти, лекин фойдаси бўлмаяпти”.