Ўзбекистонлик таниқли хонанда Шаҳзода “Sputnik Узбекистан” агентлигига берган интервьюсида келажакдаги режалари билан ўртоқлашди.
Авваламбор, иккинчи фарзандининг туғилиши муносабати билан узоқ вақт танаффус қилишга тўғри келганини, шу туфайли Россияга гастроль сафарлари уюштира олмаганини таъкидлаб ўтган хонанда яқин келажакда бу “айрилиқ”нинг ўрнини тўлдиришига ишонтирди.

“Бандлигим ва ёш болани тарбиялаётганим туфайли ҳозирча актёрлик соҳасида ҳеч нарса қилмадим, — тан олади у. — Лекин ўзбек режиссёри Рустам Саъдиев суратга олган “Барон” фильми учун “Сирдошим” номли саундтрек ёздим. Ушбу фильмда Россия ва Ўзбекистон актёрлари ўйнаган. Трек ҳам яқинда ротацияга чиқади”.

Шаҳзода нега кўпдан буён Россияга бормаётганини тушунтирди: “Болам туғилгани боис бир муддат Москвага ва Россиянинг бошқа шаҳарларига бора олмаганимга қарамай, рус тилида қўшиқ ёзишда давом этдим. Одатда гастролга бир кунлик чиқиб бўлмайди, оиламни узоқ муддатга ташлаб кета олмас эдим. Менинг икки ёшли болам бор. Шу боис Россияга боришимда бироз узилиш бўлди”.

Шунингдек, у яқинда бир йўла учта альбом чиқариш борасидаги режаларини ошкор қилди: “Ижодга келсак, тўхтаганим йўқ, биз шу вақт давомида тинимсиз ишладик. Ҳозир бир йўла учта альбом тайёрланмоқда: рус, ўзбек ва инглиз тилларида. Бу альбомлар устида байналмилал жамоа ишламоқда, унинг таркибида румин, украин, ўзбек муаллифлари бор”.

“Шу кунларда Россия мусиқа каналларида “Мое чудо” композициясининг премьреаси бўлиб ўтади. Бу севги, оила ва бахт ҳақидаги қизиқарли ҳикоя йўғрилган Янги йил клипидир”, — сўзида давом этди ижодкор.
Шаҳзода 2015 йилда қўлга киритилган ютуқлар ҳамда яқин келажакдаги режалари ҳақида шундай деди:

“Декабрнинг бошида туркиялик продюсер, бастакор ва хонанда Синон Оқчил билан бирга ижро этганим Hirka қўшиғининг халқаро премьераси бўлиб ўтди. Бу трек Германия, Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистонда узатилмоқда. Уйда эса мен MY5 телеканалининг Янги йил съёмкаларида иштирок этдим, у ерда Ванесса Парадининг Joele Taxi қўшиғини француз тилида ижро этдим. Тошкентликлар учун бошқа сюрпризлар ҳам бўлади, улар Янги йил байрами кунлари билиб олишади.

Шунингдек, 2016 йил бошида Akcent гуруҳи билан бирга ёзилган қўшиқ премьераси бўлиб ўтади. Биз гуруҳ болалари билан бирга ишлагандик, лекин ўшанда улар саундпродюсерлар эди. Бу сафар эса биз бирга қўшиқ айтамиз.

Олдиндан айта оламанки, баҳорда Россияда концерт бераман. Ўзимнинг Ўзбекистондаги севимли ва садоқатли мухлисларимни эса, анъанага кўра, майнинг биратўла етти куни мобайнида қувонтира оламан, деб умид қиламан. Бир неча йиллардан буён май ойида Тошкентда яккахон концертим ўтади, бу қилинган ишлар бўйича йиллик ҳисоботимдир”.