Сирдарё вилоятидаги «Дўстлик» каналининг Гулистон шаҳридан ўтадиган қисмини бетонлаш ишлари якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, Сирдарё вилояти фаоллари, нуронийлар ва ёшлар 19 декабрь куни бу ерда амалга оширилган реконструкция ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.

«Дўстлик» канали Сирдарёдаги «Фарҳод» гидроэлектростанциясининг ташлама каналидан сув олади. Узунлиги 117 километр бўлган канал 236 минг гектардан зиёд майдонга сув етказиб беради. Шу боис қишлоқ хўжалиги экинларини узлуксиз суғориш мақсадида аввал айланма канал қазилди. Сўнг «Дўстлик» каналининг суви тўхтатилиб, қолдиқ сувлар насос ёрдамида чиқариб ташланди.

Бетонлаш ишларига муҳандис ва қурувчилар, замонавий техникалар жалб этилди. Дастлаб канал туби металл конструкциялар билан мустаҳкамланди. Шағал тўкилиб, бетон ётқизилди. Фильтрацияни камайтириш учун плиталар орасига эни бир метрлик геомембрана қўлланилди. Эни 50, чуқурлиги 8 метр бўлган каналнинг шаҳардан ўтадиган қисми тубдан қайта таъмирланди.

Канал остидан узунлиги 115 метр бўлган икки қаторли дюкер қурилди. 261 километрлик очиқ коллектор-дренаж тармоғи қайта тикланди. Янги ёпиқ дренажлар, мелиоратив насос станциялари барпо этилди.

Бундан ташқари, коллекторларда сув туриб қолишининг олдини олиш мақсадида чуқур дюкерлар қурилди. Дренаж тармоғидаги сувларни темир ва автомобиль йўллари остидан олиб ўтиш учун уларга таъсир ўтказмаган ҳолда, мураккаб технология асосида қувурлар тортилди. 230 метр узунликдаги металл қувурлар монтаж қилинди ва 3 сув ўтказиш назорат қудуқлари қурилди.

Бундай тизимли ишлар самарасида шаҳардаги ер ости суви сатҳини 1,5 метргача пасайтиришга эришилди. 2015 йилнинг март ойида ер ости сувлари сатҳи ўртача 0,9-1,2 метрни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 1,7-2,5 метргача пасайган.

Маълим қилинишича, шу муносабат билан Гулистондаги Ёшлар марказида тадбир бўлиб ўтиб, тадбирни Сирдарё вилояти ҳокими О.Ашурматов очди.

Тадбирда иштирок этган Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Ш.Ҳамроев, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари А.Тўхтаев, Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри давлат лойиҳа илмий-текшириш институти бош директори Й.Маърупов, «Ўзшаҳарсозлик» лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти бош директорининг биринчи ўринбосари Ш.Шоназаров ва бошқалар Сирдарё вилоятида мелиоратив ҳолатни яхшилаш, Гулистон шаҳрида ер ости суви сатҳини пасайтириш борасида қилинган ишлар, бош режа асосида шаҳарда амалга ошириладиган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берди.

Шунигдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳ.Ортиқбоева, Сирдарё насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаси етакчи мутахассиси П.Дўстмаматов ва бошқалар томонидан Гулистон шаҳрининг қиёфасини янгилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ҳаёт сифатини оширишга қаратаётган эътибори учун вилоят аҳли номидан Президентга миннатдорлик билдирилди.

Гулистон шаҳридаги ер ости суви сатҳини пасайтириш ишлари давомида дренаж тармоқларига ўрнатилган замонавий технология асосида шаҳар остидаги сув сатҳи мунтазам мониторинг қилиб борилади. Мавжуд мелиорация ва ирригация инфратузилмаси такомиллаштирилади.

Кейинги йилларда вилоят бўйича 3 минг 905 замонавий уй-жой, Гулистон шаҳрида 97 кўп қаватли бино барпо этилади. 1 минг 165 километр сув тармоқлари янгиланади ва реконструкция қилинади. Қарийб 400 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши маълум қилинмоқда.

Таъкидланишича, Гулистон шаҳрининг бош режасига мувофиқ шаҳар ҳудуди кенгайтирилади. Бу ерда янги таълим ва тиббиёт муассасалари, санъат ва спорт саройлари, йўл ва кўприклар, замонавий саноат корхоналари барпо этилади. «Дўстлик» канали атрофи сайилгоҳга айлантирилиб, истироҳат боғи билан яхлит ансамблни ташкил этади.

Шунингдек, ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди.