Истанбулдаги Сабиҳи Гўкчен аэропортидаги портлаш миномётдан ўққа тутилиш натижасида рўй берган бўлиши мумкин, хабар қилади РИА Новости нашри Haberturk порталига таянган ҳолда.

Бундан сал олдинроқ, Истанбул губернатори Восип Шоҳин чоршанбага ўтар кечаси Сабиҳи Гўкчен аэропорти тураргоҳида портлаш юз бергани, портлаш сабаблари номаълумлигича қолаётганини маълум қилган эди.

Маълумотларга кўра, ҳодиса рўй берган вақтда самолёт яқинида бўлган икки нафар фаррош оғир тан жароҳати олган. Улардан бири, бошидан жароҳат олган 30 ёшли Зуҳра Ямач шифохонада вафот этган.

NTV телеканали аэропорт биносининг учиш залида бўлган учувчиларнинг гапига таянган ҳолда, аэропортда бир эмас, учта портлаш рўй берганлиги ҳақида маълум қилмоқда.

Полициячилар содир этилган портлаш теракт натижаси бўлиши мумкин, деган тахминни инкор этишмаяпти. Ҳозирда аэропортда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Воқеа жойида полициячилар гуруҳи ишламоқда. Аэропорт ҳудудида транспорт назорати кучайтирилган. Шунингдек, Истанбулдаги Отатурк аэропортига ҳам текширув учун полициячилар гуруҳи юборилган.