Emirates247 нашри Австралияга Покистондан талабалик визаси билан келган 25 ёшли Ҳасан Осифнинг тақдири ҳақида материал жойлаштирди.

Айтилишича, йигитга терминал босқичдаги саратон ташхиси қўйилган. Шифокорлар унинг яна бир неча ҳафта умри қолганини очиқ айтишган.

Шу муносабат билан унинг яқинлари – онаси ва укаси Австралияга келиб, Осифнинг сўнгги кунларида у билан бирга бўлишни исташган. Лекин Австралия ҳукумати турли сабабларга кўра уларга виза беришдан бош тортган.

Бундай қарор шаҳар уйсизларига бошпана бериш Мельбурн миссиясининг кескин норозилигига сабаб бўлган. Ушбу ташкилот Осифга ғамхўрлик қилиб келмоқда. Унинг фаоллари иммиграция вазири Питер Даттонни раҳмдил ва ҳамдард бўлишга чақирган.
“Ҳасан ўлим билан ёлғиз юзлашмоқда, иммиграция идораси эса унинг онасига виза бермаяпти”, — дейилади ташкилотнинг Facebook’даги саҳифасида.

“Биз Питер Даттонни воқеага аралашиб, Ҳасаннинг оиласи билан охирги марта учрашишига имконият беришга чақирамиз”, — деб қўшимча қилинади хабарда.
Мухолифат ҳам Даттондан бу “бюроктратик бемаънилик”ни бартараф этишни талаб қилди.

Даттон, ўз навбатида, берган матбуот анжуманида даставвал виза бермаслик қарори тўғри бўлганини эътироф этди, бироқ ярим соатдан сўнг Исломободдаги ходимларига ҳужжатларни қайта кўриб чиқишни топширганини ва натижада визалар топширилганини маълум қилди.

“Умид қиламанки, яқин кунларда улар Австралияга келиб, ўзларининг ўлим тўшагида ётган жигарлари билан маълум муддат бирга бўлишади. Австралияликларнинг кўпчилиги буни ёқлайди, деб ўйлайман”, — таъкидлади амалдор.

Мельбурн миссияси вакили Шерри Брюнхаутнинг маълум қилишича, бу хабарни эшитган Ҳасан Осиф йиғлаб юборган.

“Бу янгиликни эшитганимизда барчамиз йиғладик”, — қўшимча қилди у.