Юлдуз Усмонованинг янги альбоми тақдимотидан репортаж

Маданият 23 Декабрь 2015 18774

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 2015 йилда ҳам одатга кўра йил сўнгида ўзининг янги мусиқий альбоми тақдимотини ўтказди.

Бу унинг 30 йиллик ижодий фаолиятидаги 60-мусиқий альбоми тақдимоти бўлди.

22 декабрь куни Тошкентдаги “Наврўз” ресторанида ўтказилган тақдимотга элнинг суюкли хонандаси ўзининг мухлисларини таклиф этди. Мухлислар концерт дастурига айланган бу тақдимотни текинга томоша қилиш имконига эга бўлди. 

Маросимга тахминан мингга яқин томошабиннинг ташрифи кузатилган. Улар орасида оддий мухлислардан ташқари ўзбек санъати оламининг кўзга кўринган намоёндаларини учратиш мумкин эди.

Кун.уз сайти вакиллари бу тақдимот жойига ташриф буюришди ва жараённи кузатиб боришди.

Хусусан, хонанданинг ҳамкасблари ва дўстлари бўлмиш Ўзбекистон халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Обид Асомов, Муқаддас Холиқова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Саида Раметова, Зуҳра Ашурова, Рашид Холиқов, хонандалар Шаҳзода, Дилдора Ниёзова, Муниса Ризаева, актрисалар Нигора Каримбоева, Шаҳзода Матчонова ва бошқалар янги қўшиқларнинг илк тингловчилари қаторида бўлишган.

Тақдимот маросимида Отабек Тожибоев ва Нилуфар Сотиболдиева бошловчилик қилишди.

Саҳнага дастлаб симфоник оркестр ва Юлдуз Усмонованинг созандалари чиқиб келишган. Саҳнани тўлдирган созандалар гуруҳи Юлдуз Усмонованинг репертуаридаги энг оммалашган қўшиқлар – “Майда-майда”, “Оққина олма” қўшиқлари мусиқасини “поппури” кўринишида ҳавола этишди. Сўнгра саҳнада кечанинг асосий қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова пайдо бўлди. Хонанда мухлислари қаршисига “Ёринг бўлай” деб номланган янги қўшиғи билан пешвоз чиқди.

Бироз олдинроқ, интернет сайтларида тарқала бошлаган “Мусофирлик нонин еганлар” номли қўшиқ куйланиши бошланганда бу қўшиқ барчанинг қалбини забт этганига гувоҳ бўлиш мумкин эди.

Дастурнинг биринчи қисми тугаб, хонанда танаффусга чиққанида эса саҳнага Юлдуз Усмонованинг устозлари бўлмиш Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Темур Маҳмудов ва Ўзбекистон Давлат Консерваторияси профессори Аваз Мансуров таклиф этилди. Улар ўз шогирдлари ҳақида илиқ фикрлар билдириб, унга ўз табрикларини изҳор қилишди.

Ушбу дастурдаги эътиборга молик жиҳатлардан бири алоҳида қўшиқларда алоҳида раққосалар гуруҳлари, турли рақс тўгараклари вакиллари бўлган раққосаларнинг ишлагани бўлди.

Хонанда дастур давомида ижро этилган 15та янги таронасидан ташқари "Бормикан" ва "Бургутлар" номли қўшиқларини янгича талқинда куйлади.

Альбомга ном сифатида танланган “Мен сен билан қироличаман” қўшиғини у ўз қизи Нилуфар Усмонова билан дуэт тарзида куйлади.

Қўшиқ сўнгида Юлдуз Усмонова қизига оқ йўл тилар экан, “Уйда фарзандим бўлганинг билан кўчада Нилуфар Усмоновасан. Халққа сидқидилдан хизмат қилгин”, дея насиҳат қилди.

Хонанда турмуш ўртоғига атаб "Ё Мансур" номли шўх таронани ижро этган.

У саҳнадалиги вақтида оёқ кийимларини ечиб ташлади. Хонанда бу ҳаракатини саҳнада ўзини уйдагидек қулай ҳис қилиши билан изоҳлади.
"Деҳқон учун ер қандай муқаддас бўлса, саҳна санъаткор учун шундай мақомда бўлиши керак", деган Юлдуз Усмонова.

Хонанда саҳнада нафақат янги қўшиқларини, балки 30 йиллик ижодидаги энг хит тароналарни ҳам тақдим этди.

Discovery компанияси томонидан сотувга чиқарилган янги мусиқий альбомдан хонанданинг 17та янги қўшиғи ўрин олган.

Кун.уз сайти ходимлари бу дастурдан катта қаноат ва тассуротлар билан қайтишди. Бир сўз билан айтганда, "устаси барибир уста".

Дастурдаги барча ишлар, хонанданинг ёндошувидан тортиб бошқа барча ташкилий масалалар аъло даражада ўринлатиб қўйилган. Жараёндаги биргина кўнгилни хира қилгувчи ҳолат эса дастурнинг якунловчи қўшиғи ижро этилаётган вақтда залнинг асосий қисми бўшаб қолгани бўлди, яъни келгувчилар охирги дақиқаларгача кутмасдан дастур бўлиб ўтган зални тарк этиб кетишди. Буни хонандага ҳам, унинг ватан ҳақида айтган қўшиғига ҳам ҳурматсизлик деб баҳолаш мумкин. Ҳолбуки, бу томошабинлар хонанданинг шахсан ташаббуси билан кеча давомида текинга ҳордиқ олишди. Яъни дастур учун чипталар сотилмади, балки таклифнома кўринишида тарқатилганди.

Қайд этиш керакки, бундай хунук манзара биринчи марта кузатилмаяпти, бундан бошқа концертларда ёки спектаклларда ҳам томошабинларнинг якунда тадбир ҳудудини шошилинч тарзда тарк этишга тушиши одатий ҳолга айланган.

Маданият оламидаги бундай маданиятсизлик ҳолатлари барҳам топишига умид қиламиз.

Хонандага эса янада юксак ижодий парвозлар тилаб қоламиз.

Суратлар Кун.уз сайти учун махсус Музаффаршах томонидан олинди.

Кун янгиликлари
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
22:00 / 16.08.2017 6768 Ўзбекистон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 56875 Жаҳон
Ўзбекистон 2019 йилдан хорижга чиқиш паспортларини жорий этади
17:00 / 16.08.2017 37861 Ўзбекистон
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 38835 Lifestyle
Диққат, огоҳ бўлинг! «Мен Мажбурий ижро бюросиданман»
11:10 364 Жамият
Асака туманида тергов идорасидан яшириниб юрган шахс қўлга олинди
11:09 149 Жамият
Ахборот технологиялари вазирлигининг ҳарбий хизматчилари суғурталанади
Хорижлик сайёҳлар учун виза тартиботлари босқичма-босқич соддалаштирилади
Солиқ ва молия органлари раҳбарларига устама ҳамда жарималар миқдори тасдиқланди
«Барселона»: Биз улар билан шартнома имзолашга яқинмиз
10:56 1120 Спорт
Кўпроқ янгиликлар