Андижон шаҳрида янги автостанция ишга тушди

Ўзбекистон 24 Декабрь 2015 3277

Андижон шаҳрида янги автостанция фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.

Вилоят марказига кираверишдаги халқа йўлида бунёд этилган автостанция Марҳамат, Асака, Бўз, Шаҳрихон ва Балиқчи туманларидан вилоят марказига келувчи аҳолига хизмат кўрсатади. Автостанцияда 15 йўналиш бўйича 370 “Damas”, “Газель” ҳамда “Isuzu” русумидаги автотранспорт воситалари қатнови йўлга қўйилди. Улар кунига 10 минг йўловчини ўз манзилига етказиш имконига эга.

Бу ерда ҳайдовчилар ва йўловчилар учун барча қулайлик яратилган. Автомашиналарни техник текширувдан ўтказиш устахонаси, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш хонаси, кутиш хоналари ташкил этилиб, зарур воситалар билан жиҳозланган.

Маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти аҳолига қўшимча қулайликлар яратмоқда. – Автостанциянинг ишга туширилиши аҳолига қулайлик яратиш баробарида, шаҳар ичкарисидаги автомобиллар тирбандлигининг олдини олади, – дейди “Нуроний” жамғармаси Андижон шаҳар бўлими раиси Тўрахўжа Раҳматжонов.

– Бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли шаҳар қиёфаси янада гўзаллашмоқда. Энг муҳими, бу ерда 50 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Кўпроқ янгиликлар